ХАРЬКОВ

ХАРЬКОВ — Украинанинг Харьков вилоятидаги шаҳар, вилоятнинг маъмурий ва иқтисодий маркази. Йирик транспорт йўллари чорраҳаси. Аҳолиси 1470,9 минг киши (2001).

Шаҳар 1655—56 й. ларда қалъа сифатида бунёд этилди. 1919—34 й. ларда УССРнинг пойтахти бўлиб турди. X. машинасозлик бўйича Украинада етакчи ўринда (республикада ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг 1/5 қисмини беради). Харьковда энергетика машинасозлиги, шу жумладан, электротехника саноати («Турбоатом», «Электротяжмаш», «Укрэлектромаш» ва бошқа и. ч. бирлашмалари; электромеханика, «Южкабель» ва б. заводлар), трактор машинасозлиги («Харьковский тракторный завод» ва б.), қ. х. ва транспорт машинасозлиги (мотор йиғиш, «Серп ва молот» и. ч. бирлашмалари; авиация саноати ва б.), станок ва приборсозлик; радиоэлектроника саноати ва б. ; кимё ва кимёфармацевтика, озиқ-овқат, енгил (тўқимачилик, пойабзал, кўнтери, мўйначилик ва б.) саноатлари ривожланган. Метрополитен (1975 й. дан), 21 олий ўқув юрти (шу жумладан, 3 университет), 6 театр (шу жумладан, опера ва балет театри), тарихий, бадиий, табиат музейлари бор. Меъморий ёдгорликлардан Покровский (17-а.), Успение (18-а.) соборлари; Екатерина саройи (18-а.), провиант омборлари (18-а.) сакланган.

Loading...