ХАРТУМ

ХАРТУМ — судралиб юрувчи (мас, юмшоқ тошбақа) ва сут эмизувчилар (кўпчилик ҳашаротхўрлар, тапир, айрим куракоёклилар, фил ва б.) тумшуғининг узайган бурун қисми. Бурун тешиклари X. учига очилган. Нафас олиш, ҳид билиш ва туйғу функциясини бажаради. X. филларда яхши ривожланган. Фил Хартуми буруннинг чузилиб, юқори лаб билан қўшилиб ўсишидан ҳосил бўлган. Фил Хартуми учидаги бармоқсимон ўсимтаси ёрдамида озиғини қамраб олади, уни пайпаслаб кўради ва буюмларни тутиб туради. Баъзи умуртқасиз ҳайвонлардаги сўриш вазифасини бажарувчи тананинг кўриниши ўзгарган олдинги кисми ёки унинг ўсимтаси ҳам X. деб аталади. Айрим турбелляриялар, немертинлар, хартумли зулуклар ва қориноёкли моллюскалар X. и ёрдамида ўлжасини жонсизлантиради ва ушлайди, шунингдек, ўзини ҳимоя қилади. Паразит чувалчанглар илмоқ Хартуми ёрдамида ичак деворига ёпишиб олади. Фил Хартуми билан сўриб олган сувни огзига юборади.

Loading...