ХАЙРОБОД ЭШОН МАЖМУАСИ

ХАЙРОБОД ЭШОН МАЖМУАСИТошкент ш. даги меъморий ёдгорлик (16—20-а. бошлари). Хайробод эшон маблағига уста Қорахўжа раҳбарлигида бунёд этилган. Мажмуа шарққа қаратиб ёнмаён қурилган, томи гумбазлар билан ёпилган масжид, мақбара, ҳовузли ҳовлидан иборат. Мақбара трапеция тарҳли (7,5×7,7 м), безаксиз, пишиқ ғиштдан ганч қоришмасида барпо этилган. Бош тарзига девор сатҳидан 80 см бўрттириб унча катта бўлмаган пештоқ ишланган, гумбази равоклар шаклидаги бағалларга ўрнатилган, ички деворларида саёз равоқли тахмонлар бор, ғарбий деворидаги туйнук орқали хонага ёруғлик тушиб туради. Мақбара эшиги ёғоч панжара шаклида, тобадонига ёғоч ўймакорлигида панжара ишланган. Масжид тўртбурчак хонали (12,5х 16,5 м), олди ва шим. томонидан устунли айвонлар билан туташган. Масжиднинг ички деворларига тахмонлар ва одам бўйи баландлигида гир айлана наволи токчалар ишланган. Жан. деворидаги 2 та дераза ташки тарафдан буклама ёғоч пардадераза билан беркитилади. Айвонлар томи текис, тоқили шифти бир неча бўлакларга бўлиниб, ислимий нақшлар билан турли рангларда жозибадор безатилган. 20-а. да таъмирланган. Ҳовуз сақланмаган.

Loading...