ХАЗАР ТИЛИ

ХАЗАР ТИЛИХазар хоқонлиги аҳолиси тили; улик тиллардан. Византия, араб, яҳудий ва б. тарихий манбаларнинг маълумотлари ҳамда этнонимика ва топонимика материаллари Хазар тилининг туркий тиллар оиласига мансублигини тасдиклашга ва уни булғор тили билан яқин қариндош дейишга имкон беради. Ўрта аср тарихчилари ва филологлари Хазар тилининг булгор (ал-Истахрий) ва печенег (бижанак — М. Кошгарий) тиллари билан яқинлигини қайд этганлар. Венгер олими А. Вамбери, рус олимлари В. В. Григорьев, А. А. Куник, В. В. Бартольдлар уни туркий тиллар оиласига мансуб деб ҳисоблайдилар. В. В. Бартольд хазар шахри номи «Саркел» этимологиясини («оқ қаъла») чуваш тилидаги айни маънода бўлган бирикма («шура кил» — оқ уй) билан қиёслаб, лингвистик асосларга кура уни чуваш тили билан генетик яқинлигини қайд этади. Н. А. Баскаков эса Итил, Саркел, Самандар, Баланжар каби топонимларни энг қад. хазар сўзлари деб хисоблайди. Бир қатор туркийшунослар ҳоз. туркий тиллардан қримтатар, қўмиқ тилларида, озарбайжон тилининг шим. лахжаларида Хазар тилининг таъсирини аниклаганлар. Шундай бўлсада, Хазар тилининг туркий тилларга мансублиги ҳақидаги фикрларнинг айримлари илмий фараз даражасида қолмоқда.

Loading...