ХАЗАР ХОҚОНЛИГИ

ХАЗАР ХОҚОНЛИГИ — Ғарбий турк хоқонлиги парчаланиши натижасида (қ. Турк хоконлиги) 7-а. ўрталарида Қуйи Волгабўйи ва Шим. Кавказнинг шаркий қисмида вужудга келган илк ўрта аср давлати. Хазар хоқонлигини туркий Ашина хонадони сулоласи бошқарган. 8-а. бошига қадар хоқонлик пойтахти Доғистондаги Самандар ш., сўнгра Қуйи Волгадаги Итиль ш. бўлган. 7-а. нинг 2-ярмида хазарлар Буюк Булғория давлати таркибига кирадиган Азовбўйи булғорларининг бир қисмини тобе этганлар (қолган қисми мағлубиятдан сўнг Ўрта Волгага, қолгани Днепр ортига, Дунай томонга кетган), шунингдек, Доғистоннинг денгиз бўйидаги Гуннсавирлар подшолигини бўйсундирганлар. Кавказ Албанияси Хазар хоқонлигига ўлпон тўлаган. Византия Закавказьеда ўрнашиб олган Араб халифалигига қарши Х. х. билан иттифоқ тузган. 8-а. бошига келиб хазарлар Шим. Кавказ, Азовбўйи, Қримнинг (Византиядан тортиб олинган) катта қисми, шунингдек, Шарқий Европанинг Днепргача чўзилган ҳудудига эгалик қилганлар. Айни вақтда улар Закавказьени қўлга киритиш учун араблар билан кураш олиб борганлар. 795 й. Каспий йўлаги ва Дарёли орқали араблар Хазар хоқонлиги ҳудудига бостириб киришган ва хоқон (қаған) қўшинини тормор келтиришган. Хоқон ва унинг мулозимлари ислом динини қабул қилган, бироқ аҳолининг аксарияти уни қабул қилмагани учун улар ҳам диндан қайтганлар. 8-а. нинг 1-ярмида (тахм. 731 й.) Шим. Доғистондаги хазарларнинг бир қисми иудаизм (яҳудийлик) ни қабул қилган (Шим. Доғистонга сосонийлар Эрони, кейинчалик Византия томонидан қувғин қилинган яҳудийлар, жумладан, князь Булан деган шахс келиб жойлашганди). 8-а. охири — 9-а. бошида Буланнинг авлодларидан бири — Обадия Хазар хоқонлиги тахтига ўтирган ва иудаизмни давлат дини деб эълон қилган. Бироқ бу бошқа хазар аслзодаларининг норозилигига сабаб бўлиб, мамлакатда қўзғолон бошланган. Қўзғолончилар Волга ортидан мадъярларни, Обадия эса кўчманчи ғузларни ёрдамга чақирган. Қўзғолон бостирилган, мадъярлар Днепр ортига чекинганлар, улар билан бирга тирик қолган исёнчилар (кабарлар) ҳам кетган. Қримдаги готлар ва б. халқлар Хазар хоқонлиги даги нотинч вазиятдан фойдаланиб Византия ҳомийлигига ўтишган. Шу йилларда Дон бўйида Саркел қалъаси қурилган, у Ғарбдан Итилга келадиган савдо йўлини муҳофаза этишга мўлжалланган. 9-а. охирида Шим. Қора денгиз бўйига бижанаклар (печенеглар) босиб кириб Хазар хоқонлигига қарам бўлган мадъярларни Дунайбўйига ҳайдаб юборишган (895). Хазар хоқонлигининг асосий рақиби Қад. Русь давлати бўлган. 9-а. дан рус дружиналари Каспий денгизига қадар келиб, хазарлар учун ўта муҳим бўлган КаспийВолга савдо йўлига fob бўлишган. 913/914 ва 943/944 й. ларда рус қўшинлари Хазария ҳудудидан ўтиб Каспий бўйини горат қилганлар. 964/965 й. рус князи Святослав Игоревич Волгага юриш қилиб, Хазар хоқонлигини тормор келтирган. Итиль ва Самандар вайрон этилган. Саркел ш. босиб олинган. 10-а. нинг 2-ярмида хазарлар исломни қабул қилиш ва тобе бўлиш эвазига Хоразм ёрдамида вазиятни тикламоқчи бўлганлар. Бироқ ички низолар, кўчманчи халқлар (бижанаклар, ғузлар)нинг босқинлари, 964/965 й. даги мағлубият ва б. натижасида 10-а. охирига келиб Хазар хоқонлиги барҳам топган.

Ад.: Артамонов М. И., История хазар, Л., 1962; Плетнева С. А., От кочевий к городам, М., 1967.

Фахриддин Ҳасанов.