ХИРУРГИЯ (юн. cheir — қўл ва ergon — ҳаракат, иш) , жарроҳлик — тиббиётнинг бир соҳаси. Хирургик операцияларни талаб этадиган касалликларни ўрганади ҳамда операция қилиш усулларини ишлаб чиқади. Қадимдан одамлар ўзўзига ёки бир-бирларига ёрдам бериб, жароҳатдан оқаётган қонни тўхтатиш учун жароҳатни босиб туриш, яраларга кул сепиш каби оддий усуллардан фойдаланганлар. Қад. қазилмаларда бош суяк чаноғи трепанацияси, оёқ ампутациясидан кейинги излар топилган. X. дастлаб фан ва маданияти ривожланган давлатлар (Миср, Ҳиндистон, Юнонистон, Хитой, Византия) да шаклланган. Мил. ав. ҳам касалликларни даволашда қон чиқариш, қовуқцан тошларни тушириш операциялари ўтказилганлиги қайд этилган. Гиппократ (мил. ав. 460—377 й. лар) жароҳатларни бирламчи ва иккиламчи битишини кузатган, турли боғловларни қўйиш техникасини ишлаб чиққан, операцияни ўтказишда тозаликка риоя қилиш мақсадида қайнатилган ёмғир сувидан фойдаланган. У ишлаб чиққан плевра бўшлиғини дренажлашда қўлланиладиган қовурға резекцияси операцияси ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Қад. Римда Цельс (Антиллус) баъзи аъзолар анатомиясини, яллиғланишнинг белгиларини ва операция вақтида қон тўхтатиш учун томирларни боғлаш, оқма яраларни даволаш усулларини, Гален эса жароҳатларни тикишда ипақдан фойдаланишни, жаррохлик операцияларини ўтказишда аъзоларнинг анатомияси ва функциясини ҳисобга олиш зарурлигини таклиф этган. Абу Али ибн Сино (980—1037) «Тиб қонунлари» асарида хирургик касалликларни даволашда қўлланилган усулларни баён этган; у операция вақтида наркоз сифатида беморга опий, мандрагор ишлатган, шунингдек, буйракдан тош олиш, ўсмаларни аниқлаш ва ўсмани соғлом тўқимагача олиб ташлаш ва б. операциялар техникасини яхши билган.
А. Левенгук (1632—1723) томонидан микроскоп, В. К. Рентген томонидан рентген нурининг кашф этилиши касалликларни аниклашда (диагностика) мухим роль ўйнади.
1731 й. да Парижда Хирурглар Академиясига асос солинди. Шундан сўнг X. фан сифатида тараққий эта бошлади.
Умуман X. 3 босқичда ривожланди:
1) қад. замонлардан антисептика давригача (1860);
2) антисептика даври (1860— 1890);
3) асептика даври — ҳозиргача давом этмоқда.
19-а. нинг 2-ярмида наркоз, антисептика, асептиканинг жорий этилиши X. тараққиётида ижобий ютукдарга олиб келди (қ. Антисептика, Асептика). Шунга кура меъда, ичаклар, ўпка ва б. ички аъзоларда йирик операциялар муваффакиятли ўтказила бошланди. 19—20-а. да турли мамлакатларнинг хирурглари ўтказган кенг экспериментал тадқиқотлар энг мураккаб операцияларни: меъдани, ичак ёки ўпканинг бир қисмини олиб ташлаш, томирлар ва нервларни тикиш, шунингдек, синган суяклар, жароҳатлар, куйишни даволашнинг операция усуллари ва техникасини ишлаб чиқиш имконини берди. Хирургиянинг тармоклари кўпайиб, травматология, ортопедия, урология, нейрохирургия, болалар хирургияси каби мустақил илмийамалий соҳалар вужудга келди.
Ҳоз. замон X. фани кимё, физика, молекуляр биол. каби соҳалардаги ютуқлар натижасида ривожланиб бормоқда. Шунга кўра юрак клапанлари ва томирларни протезлаш, аъзолар ҳамда тўқималарни кўчириб ўтказиш, сунъий бўғимлар яратиш, сунъий юрак вужудга келтиришга доир ишлар амалга оширилди. Миокард инфарктини операция йўли билан даволаш, микрохирургия (мас, бутунлай узилган бармоқни тиклаш ёки юракнинг майда томирларида янги қон оқимини вужудга келтириш), лазерлар, махсус камераларда юқори кислород босими, яъни гипербарик оксигенация (қ. Баротерапия) нк қўллаш, ярадор ва куйганларга даво килишда микробсиз шароитлар яратиш, сунъий ва қўшимча қон айланиши ва б. Х. да янги йўналишлар бўлиб қолди.
Ўзбекистонда Хирургиянинг шаклланиши 1920 й. Туркистон университетининг тиббиёт фти қошида хирургия кафедраси ташкил этилиши билан боғлиқ. Кейинчалик Тошкент, Самарқанд, Андижон, Бухоро тиббиёт инти, Тошкент педиатрия тиббиёт инти, шунингдек, Тошкент врачлар малакасини ошириш интларида, Бутуниттифоқ клиник ва экспериментал хирургия и. т. институтининг Тошкент филиали (1977 й. ҳоз. В. Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган Хирургия маркази) да X. кафедралари фаолият кўрсата бошлади. Мазкур илм масканларида врачлар тайёрлаш ва турли хирургик муаммолар устида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда Хирургиянинг ривожланишида С. А. Маъсумов, Ў. О. Орипов, В. В. Вохидов, М. Ашрафова, P. M. Нурмуҳамедов, Ш. И. Каримов, Д. С. Ғуломов, Ф. Г. Назиров, С. М. Аъзамхўжаев, С. А. Долимов, Л. Д. Василенко, A. M. Ғофуров, К. Х. Тоҳиров ва б. нинг хизматлари катта.
Ҳоз. илмфан ва техниканинг ривожланиши, янги тадқиқот ва даволаш усулларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш (эндоскопия, ультратовуш, компьютер томографияси, ядромагнит резонансли томография, лапароскопия, лазер нурлари ва б.) Х. ни янада ривожланишига олиб келди. 1998 й. Тошкентда шошилинч тиббий ёрдам маркази ҳамда вилоятларда унинг филиал ва субфилиаллари ташкил этидди.
Ад.: Аъзамхўжаев С. А., Раҳмонов Р. Қ., Янбоева Р. К,., Хирургиккаеалликлар, Т., 1991; Каримов Ш. И., Шомирзаев Н. Х., Хирургические болезни, Т., 1994.