ХЛАМИДОЗ

ХЛАМИДОЗ — ООЗ, риккетсиоз, кератоконъюнктивит — ҳайвонларнинг ўткир юқумли касаллиги. Кўп ҳолларда X. катта иктисодий зарар келтиради, касаллик ҳайвоннинг кўр бўлиши билан тугаши мумкин. Касалликни рекетсиялар қўзғатади. X. билан барча қ. х. ҳайвонлари, кўпроқ қорамоллар зарарланади. Касаллик йилнинг барча фаслларида учраши мумкин, бироқ иссиқ пайтида кўпроқ ва оғирроқ кечади. Хламидознинг яширин даври 2 — 12 кун. Кўпроқ бир кўз, камроқ иккала кўз ҳам зарарланади. Тана ҳарорати кўтарилади, ҳолати ёмонлашади, кўзидан кўп миқдорда шиллиқйирингли суюқлик оқади. Сўнгра абсцесс ўзўзидан ёрилади, унинг ўрнида яра ҳосил бўлади. Ҳайвоннинг аҳволи яхшиланиб, астасекин соғаяди. Касалликнинг эпизоотологияси, клиник белгилари ҳамда конъюнктива суртмасини микроскопда текшириш орқали ташҳис қўйилади.

Даволаш: касал моллар салқин хоналарда сақланиб, антибиотиклар қўшилган турли малҳам дорилар (мазлар ёки линементлар) қўлланилади. Оғир ҳолларда новокаинли блокада қилиш яхши самара беради.

Олдини олиш: ҳайвонларни стационар носоғлом хўжаликлардан чиқармаслик тавсия этилади. Моллар киш фаслида бир ойда бир марта, ёз ойларида эса ҳар куни кўздан кечирилади. Соғлом молларнинг кўзига профилактика мақсадида антибиотиклардан тайёрланган мазлар ёки эмульсиялар сурилади, пашшаларга қарши курашилади.

Ҳошим Нурмаматов.

Loading...