ХОЖА АҲРОР

ХОЖА АҲРОР (тахаллуси; асл исми Хожа Убайдуллоҳ ибн Хожа Маҳмуд ибн Хожа Шаҳобиддин Шоший) (1404, ҳоз. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Боғистон қишлоғи — 1490, Самарқанд) — ўртаосиёлик мутафаккир, нақшбандия тариқати раҳнамоларидан. Отаси шайх Хожа Маҳмуд нақшбандиянинг хожагон сулукида бўлган, тижорат ва зироат ишлари билан шуғулланган. Шайх Хованди Тоҳур она томондан унинг бобосидир. Хожа Аҳрорнинг болалик ва ёшлик даври Тошкентда ўтган. Тошкент ва Самарқанд мадрасаларида таҳсил олган. У тасаввуф илмига қизиқади, шу мақсадда Ҳиротга бориб Шайх Баҳоуддин Умар, Шайх Зайниддин Хавофий каби таниқли мутасаввифлар суҳбатида бўлди. Баҳоуддин Нақшбанднииг шогирди шайх Ёқуб Чархий (1447 й. в. э.)дан нақшбандия тариқати асосларини ўрганди. У Ёқуб Чархийдан иршод ҳуқуқини олиб, муршиди комиллик мақомига етгач, Тошкент, Туркистон атрофларида шуҳрат топа бошлайди. Нақшбандия таълимотининг давомчиси сифатида уламолар ўртасида катта обрў орттирди ва «валий» («авлиё») сифатида танилиб «Аҳрор» («Ҳур», «Озод») номига эга бўлди. Тасаввуфда бу ном 3 хил асирликдан халос бўлган: ҳайвоний ҳистуйғуларни енгган; ўзининг барча хоҳишистагидан воз кечиб, фақат Аллоҳнинг иродасига бўйсунган; расмрусум ва ҳаёт кечиришнинг барча одат ва анъналаридан холи бўлиб, илоҳий нур ёғдусига ғарқ бўлган зотга нисбатан қўлланилади.

Хожа Аҳрор, айни вақтда, деҳқончилик ва тижорат ишлари билан шуғулланади. Жуда катта ерсув, молмулк унинг тасарруфида эди. Шу боис Урта Осиёда беқиёс иқтисодий ва сиёсий қудратга эга бўлиб, мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсий ҳаётида етакчи ўрин эгаллайди. У фақат Мовароуннаҳрда эмас, Хуросон, Ҳиндистонда ҳам савдосотиқ ишларини йўлга қўйган. Бутун умри давомида элюрт ва халқнинг манфаати йўлида кўп савоб, хайрли ишлар қилган. Ўз хўжалик фаолиятидан олган даромаднинг кўп қисмини аҳоли тўлаши лозим бўлган солиқларни тўлашга, диний ишларга, маданий қурилишларни амалга оширишга сарфлаган. Ҳожатманд инсонларга ва оилаларга муттасил ёрдам бериб, меҳр ва мурувватини аямаган. Жамиятдаги тутган юксак мавқеидан фойдаланиб тахт учун курашган шаҳзодалар ўртасидаги низоларни тинчлик йўли билан бартараф қилган. Хожа Аҳрор Амир Темур тузган буюк салтанат парчаланаётган, таҳликали ва ўта мураккаб даврда яшади. Шундай шароитда у фуқаролар, элюрт манфаатини кўзлаб, сиёсий воқеаларда иштирок этишга мажбур бўлди. Гарчи соликлар сиёсатдан узоқ туришни афзал кўрган бўлсаларда, Хожа Аҳрор бу анъанани бузди. Хожа Аҳрорнинг султон ва подшоҳлар билан мулоқотда бўлиши шунчаки юксак мартаба, шахсий манфаат ва шуҳрат кетидан қувиш учун эмас, балки оддий фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш учун зарур эди. У шу тариқа мазлумларнинг ҳомийсига айланди. Жомий, Навоий, Бобур Х. А. ни ўзларига маънавий пирустоз деб билганлар.

Хожа Аҳрорнинг 3 рисоласи бизгача етиб келган. Биринчи, «Фақарот улорифин» («Орифлар сўзларидан парчалар») бўлиб, унда Хожа Аҳрор ва бошқа баъзи мутасаввифларнинг тариқатга оид фикрларидан намуналар келтирилган. Иккинчиси «Волидия» («Отага бағишлов») бўлиб, уни ўз отаси илтимосига кўра ёзган. Унда тариқат йўлига кирган кишининг ахлоқи, одоби, фақр ва фано тушунчалари ҳақида сўз боради. Бу рисола ўз даврида кенг шуҳрат қозониб, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий унга муносиб баҳо берган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу рисолани форс тилидан ўзбек тилига шеърий таржима килган. Бу таржима 1991 й. да Тошкентда нашр этилган. Рисола 2004 й. да шарқшунослар Маҳмуд Ҳасаний ва Дилора Ражабова томонидан форси йдан кайта таржима қилинган ва нашр этилган. Учинчи рисола «Ҳавроийя» деб аталиб, машҳур мутасаввиф шоир Абу Сайд Абдулхайр (Па.)нинг «Ҳавро» («Ҳурлар» ёки «Фаришталар») сўзи билан бошланувчи бир рубоийсини шарҳлашга бағишланган. Бу асарлардан бошқа Хожа Аҳрорнинг ўз замондошларига йўллаган мактублари ҳам бизгача етиб келган. Улар Хожа Аҳрорнинг ўз даври ижтимоий, сиёсий ва маънавий ҳаётида тутган ўрнини белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Бу мактубларнинг русча таржимасини тарих фанлари дри Асомиддин Ўринбоев тайёрлади. Мактублар А. Ўринбоев билан америкалик олима, НьюЖерси университетининг профессори Жо Энн Гросс ҳамкорлигида инглиз тилига ўгирилиб, «Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг хатлари ва унинг муридлари» номи билан 2002 й. да Голландияда нашр этилди.

Хожа Аҳрор тасаввуф назарияси ва амалиётига катта ҳисса қўшган. Унинг маданий меросида Қуръон оятларининг тафсири, ҳадисларнинг шархлари алохида урин эгаллайди. Фахруддин Али Сафийнинг «Рашаҳот» асарида Хожа Аҳрорнинг 120 га яқин тафсиру шархлари рашҳа (томчи) лар тарзида берилган. Хожа Аҳрор мусулмон дунесининг буюк мутасаввифлар силсиласида мўътабар ўрин тутади. Мусулмон дунёсида 356 та авлиё ўтган бўлиб, улардан 3 таси Қутб улАқтоб (улуғ даражага етган авлиё) сифатида эътироф этилган. Шу 3 зотнинг бири Хожа Аҳрор бўлган.

Ўзбекистонда истиклол туфайли Хожа Аҳрорнинг маънавий мероси чуқур ўрганилмоқда. Хожа Аҳрор таваллудининг 600 й. лигини кенг нишонлаш ҳакида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори (2004 й. 25 март) унинг ана шу меросидан халқни баҳраманд этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ад.: Валихўжаев Б., Хожа Аҳрор тарихи, Т., 1994; Маънавият юлдузлари, Т., 1999. Убайдулла Уватов, Зокиржон Кутибоев.