ХЎЖА ИЛҒОР МАСЖИДИ

ХЎЖА ИЛҒОР МАСЖИДИ — Қуқондаги меъморий ёдгорлик (20-а. боши). Шокир мингбоши буюртмаси билан отаўғил усталар Эшонхон ва Норбойлар қуришган. Масжид тўртбурчак тарҳли (40×13 м), уч устунли, атрофи уч томондан айвон билан ўралган. Хонақоҳнинг ғарбий деворига ва айвонига меҳроблар ишланган, шифти ислимий нақшлар, қиррали таг устунлар ҳандасий нақшлар билан серҳашам безатилган. Гул ва нақшларнинг ўзаро уйғунлиги ва рангбаранглиги эътиборни тортади. Масжиднинг шим. томонида ҳовуз бўлиб, атрофига дарахтлар экилган.

Қашқадарё вилоятидаги меъморий ёдгорлик (16—17-а. лар); «Имконагий» нисбали олим, шайх Хўжа Абдубоқий томонидан қурилган (номи шундан). Хўжа Илғор Масжиди дастлаб қишлоқ қабристони тепалигидаги юқори (хонақоҳ ва 2 дахма) ва тепалик ён бағридаги қуйи (ўзаро туташган 2 ҳовли атрофида жойлашган масжид, Мадраса, карвонсарой) иншоотлар гуруҳидан иборат мажмуа таркибида бўлган. Юқори ва қуйи гуруҳи иншоотлар ғиштдан қурилган девор устидаги йўл (пандус) орқали бирлашгани билан ўзига хос меъморий мужассамот ечимига эга бўлган. Қуйи гуруҳдаги иншоотлар 20-а. 60-й. лари бузилган, юқори гуруҳцаги хонақоҳ ва (2 катта ва кичик) дахма сақланган.

Хонақоҳ тўғри тўртбурчак (24,0×20,2 м) тарҳли, анъанавий гумбаз томли, тарзлари пештоқли (асосий кириш қисмидаги пештоғи бошқаларидан бирмунча баланд); деворлардаги равокли дарчаларга ганчкори панжаралар, бино бурчакларига гулдастаминоралар ишланган; меҳроби серҳашам безатилган — мураккаб ироқи муқарнас ҳамда часпак усулидаги намоёнлар диққатни тортади. Катта ва кичик дахмалар устидаги оқ мармар қабртошларининг ён томонлари кулранг мармар билан қопланган, улар юзаси ҳандасий (тўртбурчак, мурабба ва б.) шаклларга бўлиниб, ўйма нақшлар билан нафис безатилган.

Loading...