ХОЖА МУҲАММАД ПОРСО

ХОЖА МУҲАММАД ПОРСО (тўлиқ исми Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳофиз алБухорий) (1345, Бухоро — 1419, Мадина) — нақшбандия тариқати намояндаси. Бухородаги мадрасаларда таҳсил олган. Қуръон ва ҳадисларни, калом илмини чуқур ўрганган. Баҳоуддин Нақшбанд уни шогирдликка қабул қилган ва «порсо» (тақводор, диндор) тахаллусини берган. Нақшбанд вафотидан сўнг, унинг ўрнига тариқатга раҳбарлик қилган.

Хожа Муҳаммад Порсо ўша даврдаги сиёсий жараёнларда фаол иштирок этган. Мовароуннаҳр ҳукмдори Халил Султон билан мулоқотда бўлган, Шоҳруҳ билан турли масалалар бўйича ёзишмалар олиб борган. Улуғбек саройи (Самарканд ва Бухоро)даги илмий мунозараларда қатнашган.

Тасаввуф ва ислом тарихига оид «Рисолаи қудсия» («Хожа Баҳоуддиннинг қудсий калималари ҳақидаги рисола»), «Эътиқод» («Эътиқод ҳақида рисола»), «Таҳқиқот» («Тасаввуф истилоҳлари бўйича рисола»), «Тафсири Қуръон» («Қуръон тафсири»), «Рисолаи калифия» («Кароматлар ҳақида рисола»), «Мухтасари тарихи Макка» («Макка шаҳрининг қисқача тарихи»), «Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд» («Хожа Баҳоуддин Нақшбанд мақомоти»), «Ҳафтоду ду фирқа» («Етмиш икки фирқа») каби 20 дан ортиқ асар ёзган. Шариат ва тариқат масалаларига бағишланган ва унга катта шуҳрат келтирган асари «Фасл улхитоб бивусулил аҳбоб» («Дўстлар висолига етишда оқ ила қорани ажратувчи китоб») бўлиб, у ўрта асрларда ислом уламолари учун қўлланма вазифасини ўтаган. Асар 494 та масалага бағишланган бўлиб, уларнинг ҳаммаси исломда баҳсли ҳисобланган ва муаллиф турли асарларга суянган ҳолда бу масалаларни ечиб берган. Асар бир неча марта чоп этилган.

Хожа Муҳаммад Порсо 2марта ҳаж зиёрати пайтида касалга чалиниб, Мадинада вафот этган.

Ад.: Муҳаммад Боқир, Баҳоуддин Балогардон, Т., 1993; Маънавият юлдузлари, Т., 2001; Фахруддин Али Сафий, Рашаҳот (2нашри), Т., 2004.

Loading...