ХОЖА МУХАММАД ИСЛОМ

ХОЖА МУХАММАД ИСЛОМ ибн Хожа Аҳмад, Фахриддин Хожа Муҳаммад Ислом, Хожа Ислом Жўйборий (1493 — Бухоро—1563.15.9) — Жўйбор хожаларининг машҳур намояндаси, Бухоро шайх улисломи. Бухоро хонлари Убайдуллахон ва Абдуллахон II нинг пири. Х. М. И. ёшлигидан нақшбандия тариқати асосларини пухта ўрганган. Махдуми Аъзам унга устозлик қилган. Хожа Мухаммад Ислом кейинчалик нақшбандийлик тариқатини кенг тарғиб қилгани учун «Пири Шастий» унвонига ҳам сазовор бўлган. Хожа Мухаммад Ислом ёшлигидан давлат ва сиёсат ишларига фаол аралашган. Бухоро ҳокими Убайдулла султон саройида хизматда бўлган.

Хожа Мухаммад Ислом Абдуллахон II нинг марказлашган давлат тузиш йўлидаги қаттиққўл сиёсатини қўллаб қувватлаган. Бухоро хонлигидагина эмас, балки бутун мусулмон Шарқида унинг нуфузи баланд бўлган. Ҳиндистон, Эрон, Кошғар, Бадахшон ҳукмдорлари у билан хат ёзишиб туришган. Мовароуннахрдаги сиёсий жараёнларда Махдуми Аъзам вафоти (1542)дан сўнг марказий сиймо (йирик диний уламо) сифатида асосий роль ўйнаган. Абдуллахон II Балх ҳокими Пирмуҳаммадхон таклифини қабул қилиб, Бухородаги ҳокимлигини Балхдаги ҳокимликка алмашмоқчи бўлганида Х. М. И. Абдуллахон II билан учрашиб, уни бу янглиш қароридан қайтаради (1561).

Бухоро хонлигида шу даврда қурилган кўплаб меъморий обидалар (масжидлар, мадрасалар, ҳаммомлар, сардобалар, устахоналар, савдо расталари ва каналлар, хонақоҳ ва б.) отаўғил: Х. М. И. ва Хожа Саъдуддин номлари билан боғлиқдир. Хожа Мухаммад Исломнинг Гавкушон ва Жўйбор мадрасаларида 8 минг жилдлик улкан кутубхонаси бўлган. У саховатли ва мурувватли инсон бўлгани учун Бухоро халқи томонидан «Қутбул ғавс» («Мададкор қутб»), яъни авлиё деб эъзозланган.

Loading...