ХЎЖАЕВА

ХЎЖАЕВА Холида (1916.1.1, Самарканд) — Ўзбекистон халқ артисти (1956). Москва драма студиясини тугатган (1930). Студияда Лазокат (Л. Аппоқова, «Қон ва сув»), Надя (Д. Фурманов, «Исён»), Мартин (Мольер, «Зўраки табиб») каби ролларни ижро этган. 1930—33 й. лар Бухоро театри, 1933—87 й. лар Ҳамза театрида, 1987 — 90 й. лар Аброр Ҳидоятов номидаги театрда актриса. Ижрода босиклик билан эътиборни қаҳрамон ички кечинмаларини очишга йўналтириш X. ижодига хос. Бу нарсалар унинг Ҳалима (F. Зафарий, «Ҳалима»), Лауренсия (Лопе де Вега, «Қўзибулоқ қишлоғи»), Дилбар, Ўлмас (К. Яшин, «Тормор», «Ёндирамиз»), Хонзода, Пошшоойим, Холисхон (Ҳамза, «Бой ила хизматчи», «Паранжи сирлари»), Любовь Яровая (К. Тренёв, «Любовь Яровая»), Нина (М. Лермонтов, «Маскарад»), Татьяна (М. Горький, «Мешчанлар»), Хуморхон (А. Қаҳҳор, «Оғриқ тишлар»), Шамсиқамар (М. Аблиев, «Шамсиқамар»), Гавҳаршод бегим (М. Шайхзода, «Мирзо Улуғбек»), Бўстон (С. Аҳмад, «Келинлар қўзғолони»), Ойниса (Ў. Умарбеков, «Кузнинг биринчи куни») каби роллари талкинида намоён бўлди. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1979). «Элюрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган (1999).

Loading...