ХОЖКИН

ХОЖКИН (Hodgkin) Алан Ллойд (1914.5.2, Бинбери, Оксфордшир, Англия) — инглиз физиологи; Лондон қироллик жамияти аъзоси (1948) ва президенти (1970—75). Кембриж университетини тугатган (1936). Шу университет проф. (1952 й. дан), Лестер университети ректори (1971 й. дан). Асосий илмий ишлари нерв ҳужайралари физиологияси, нерв қўзғалиши ва тормозланиши механизмларини ўрганишга оид. Биопотенциалларнинг ҳосил бўлиши ҳужайра мембраналари орқали ионларнинг ўтказилиши билан боғлиқ эканлигини назарий ва экспериментал исботлаб берган. Нерв толаларида потенциаллар таъсири механизмларини тадқиқ қилиш мақсадида мембраналарда потенциалларни ўлчайдиган оригинал усулни ишлаб чиққан. Нерв импульслари ҳосил бўлишида ион градиентларининг аҳамияти тўғрисидаги асосий назария муаллифи. Нобель мукофоти лауреати (1963; ҳамкорликда).

Loading...