ХОНБАНДИ

ХОНБАНДИ — қад. сув омбори (10-а.). Ҳоз. Жиззах вилояти Фориш тумани марказидан 12—15 км шим. да, Пасттоғ дараси ичига қурилган. X. Нурота тоғидан оқиб чиқадиган Осмонсой ва Илончисойттт сел сувларини жамғариб, ёзда экинларни суғориш учун барпо этилган. X. тўғони гранит тошлар ва сувга чидамли махсус қоришмалардан ишланган. Тўғоннинг бал. 15,25 м, узунлиги устки қисмида 51,57 м, асосида 24,35 м. Х. нинг уз. 1,5 км, эни тўғон олдида 52 м, дара оғзида 200 м га ва сув сиғими эса 1 млн. 600 минг м3 га тенг бўлган. X. туфайли Қизилқумнинг Мирзачўл билан туташган чегарасида тахм. 1,5 минг га ер майдони ўзлаштирилган. Сув омборидан 6 км шим. да мустаҳкам работ қад кўтарган, унинг харобалари Калтепа деб юритилади. Калтепада олиб борилган археологик текширишлар бу кичик воҳанинг 10-а. да обод этилиб, 12-а. охирларигача ҳает давом этганини аниқлаб берди. Сувни чиқариш учун X. иншоотининг ғарбий чеккасида 9 та қувур ўрнатилган. Улар оқиб чиқадиган сувнинг динамик таъсирига қарши конуссимон қилиб ишланган.

X. тўғоннинг математик ўлчовларига қараганда уни бино қилган 10-а. ирригаторлари мазкур иншоотни қуришда тўғон олдига тўпланадиган 16 м чуқурлиқдаги сувнинг вертикал босим кучини ҳамда иншоотни ағдарувчи горизонтал кучни аниқ муҳандислик ҳисоби асосида белгилаб чиққанлар. Шунинг учун ҳам X. тўғонининг асоси юқори қисмига нисбатан 4 баравар қилиб ишланган (қалинлиги остида 8 м, юқорисида 2 м га тенг). Тўғон махсус лойиҳа асосида бино қилинган.

Ад.: Ҳусанхўжаев 3. X., Гидротехника иншоотлари, Т., 1968; Муҳаммаджонов А. Р., Қадимги сув иншоотлари тарихидан,Т., 1968; Муҳаммаджонов А. Р., Ўзбекистоннинг қадимги гидротехника иншоотлари, Т., 1997.

Loading...