ХОНҚА

ХОНҚАХоразм вилояти Хонқа тумания&тм шаҳарча (1981 й. дан), туман маркази. Амударёдан 6 км ғарбда, вилоят маркази (Урганч ш.)дан 12 км шарқда жойлашган. Т. й. станцияси. Аҳолиси 35,9 минг киши (2004). Шаҳарча тарихий адабиётларда Сафардиз номи билан тилга олинади. 13-а. да мўғуллар томонидан вайрон этилганидан сўнг бу ерда масжиднинг биргина хонакоҳи сакланиб қолган. Я. Ғуломовнинг таърифича, Хонқанинг номи (Хонакоҳ — Хонақо — Хонқа) шундан келиб чиққан. Хонқада 1890 й. да рус савдогарлари томонидан пахта тозалаш заводи қурилган. Хонқада ҳафтада 2 марта бозор бўлган.

Шаҳарчада пахта тозалаш заводи, «Хонқа гуруч», «Дон маҳсулотлари» ктлари, ЎзбекистонИталия «Мева» консервалаш қўшма корхонаси ва б. бор. Савдо тижорат дўконлари, деҳқон бозори, 40 маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ишлаб турибди. 15 умумий таълим мактаби, 4 касб-ҳунар коллежи, 3 маданият уйи, 8 кутубхона, маданият ва истироҳат боғи аҳолига хизмат кўрсатади. Стадион, 40 спорт майдончаси, спорт зали ва б. спорт иншоотлари, марказий касалхона, поликлиника, дорихона ва б. тиббий муассасалар мавжуд. Хонқадан Урганч, Тўрткўл, Боғот, Ҳазорасп ва б. шаҳар ва шаҳарчаларга автобуслар қатнайди, Урганч—Тошкент поезди ўтади.

Меъморий ёдгорликлардан Сайд ота жоме масжиди (1766, 1912, 1989 й. ларда таъмирланган) ва мақбараси сакланган. 17—19-а. ларда Хонқадан Диловархўжа, Андалиб, Исломхўжа, Иброҳимхўжа, Ҳожи Муҳаммад Аминаддин ўғли каби машҳур кишилар етишиб чиққан.

Комил Нуржонов.

Loading...