ХОНТЎРАЕВ Турғунбой Анорбоевич

ХОНТЎРАЕВ Турғунбой Анорбоевич (1935.31.12, Андижон вилоят Асака ш.) — Ўзбекистон халқ артисти (1988). Тошкент театр ва рассомлик санъати интини тугатган (1957). 1954 й. дан Ҳамза театри (ҳоз. Ўзбек миллий академик драма театри) актёри. «Қутлуғ қон» (Ойбек) спектаклидаги Миршаб образи билан ўз фаолиятини бошлаган. Кичик ролларни ҳам маромига етказиб ижро этиш, қаҳрамонининг ички ва ташқи кечинмаларини атрофлича очишга уриниш, улар орқали улкан бадиийфалсафий умумлашмалар мужассам эта олиш X. ижодига хосдир. Идрис (М. Диб, «Жазоир — менинг Ватаним») , Гўрков (У. Шекспир, «Ҳамлет»), Сайёр (О. Ёқубов, «Юрак ёнмоғи керак»), Миллер (Ф. Шиллер, «Макр ва муҳаббат»), Шокирбой (Б. Авазов, «Фурқат»), Боқижон (Р. Бобожон, «Тоға жиянлар»), Сейдизо (М. Каору, «Ўғирланган умр»), Сайфиқори (Ф. Мусажонов, «Оқ кабутар»), Бобо Кайфий (М. Шайхзода, «Мирзо Улуғбек»), Маймандий (Уйғун, «Абу Райҳон Беруний»), Мусулмонқул (И. Султон, Абдулла Қодирийнинг «ўтган кунлари») ва б. унинг театрда яратган энг яхши образларидан.

Prev Article

ХОНСЮ

Next Article

ХОНҚА