ХОРАЗМ МАҚОМЛАРИ

ХОРАЗМ МАҚОМЛАРИмақом тури. Хоразмда мақом йўлларига яқин мумтоз мусиқа намуналари қадимдан маълум бўлган. Бизгача етиб келган шакли — олти мақом (Рост, Бузрук, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ, Ироқ) тизими Шашмақом асосида 19-а. бошларида шаклланган. Ҳар бир мақом белгиловчи омил — муайян лад тизими ва унинг асосида юзага келган куй йўлларидан иборат. Хоразм мақомлари Бухоро Шашмақоми каби мустақил тузилишга эга бўлган чертим (чолғу) ва айтим (ашула) бўлимларини ўз ичига олади. Чертим йўли (бўлими) тани мақом, тарже, пешрав, мухаммас, сақил, уфар каби шаклан якунланган ва нисбий мустақил қисмлардан ташкил топтан. Бошланғич тани маком ва якунловчи уфар ҳар бир мақомда биттадан бўлса, ўртада келадиган пешрав, мухаммас, сакил 2—3 тагача бўлади. Чолғу йўли якканавозлик ва жўрнавозлик усулида чалинади. Якканавозликда танбур асосий соз ҳисобланади. Жўрнавозлик, одатда, танбур, дутор, най, бўламон, қўшнай, ғижжак, чанг, доирадан иборат ансамблда амалга оширилади.

Шунингдек, Хоразм мақомларининг дутор, сурнай йўллари ҳам мавжуд. Мас, 19—20-а. бошларида Хивада 11 та Хоразм дутор мақоми машҳур бўлган: Чапандоз, Навоий, Садри Ироқ, Ташниз, Ағёр ва б. Танбур йўлларидан фарқли ўлароқ улар туркумли асарлар бўлиб, ҳар биттаси 2 — 7 қисм (мас, «Ироқ» дутор мақоми «Ўрта уфори», «Нигорон», «Оромижон», «Боймухаммад», «Саклансин») дан иборат бўлган. «Ораз бам ва уфориси», «Мажнун дали», «Ровий», «Мискин ва уфориси», «Мўғулча уфори»лари М. Юсупов томонидан «Ўзбек халқ музикаси»нинг 6жилдига киритилган.

Айтим йўли тани мақом, талқин, наср каби асосий қисмлар — шўъбалар ва улар негизида тузилган тарона, сувора, нақш, фарёд ва уфар деб номланган вариант қисмлардан ташкил топади. Дастлаб Хоразм мақомлари ижросида форстожик (Ҳофиз, Жомий каби) ва кейинчалик узбек, озар мумтоз шоирлари (Навоий, Фузулий, Мунис, Огаҳийлар)нинг ғазалларидан фойдаланилган.

Хоразм мақомлари ва Бухоро Шашмақомининг умумий ва фарқ қилувчи томонлари мавжуд. Ташқи томондан Хоразм мақомлари Ростдан, Шашмақом Бузрукдан бошланади. Хоразм мақомлари мда Ироқнинг ашула бўлими унутилган, Рост мақомининг чертим йўллари асосида 8 қисмдан иборат Панжгоҳ туркуми яратилган; сувора, нақш, фарёд қисмлари ўзига хос хусусиятларга эга; савт ва мўғулча каби 2гуруҳ шўъбалари учрамайди. Ички тузилиши жиҳатидан кўпчилик дойра усуллари, куй киёфаси, ижрочилик услуби мустакиллиги билан ажралиб туради.

Хоразм мақомлари Комил Хоразмий ихтиро қилган танбур чизиғида унинг ўзи ва ўғли Муҳаммад Расул Мирзабоши томонидан тўла ёзилган (1886). Ҳоз. нота ёзувида Е. Романовская чертим йўлларини («Хоразм классик музикаси», Т., 1939) ва М. Юсупов чертим ва айтим йўлларини («Ўзбек халқ музикаси», 6ж., Т., 1958) ёзиб олган. М. Юсупов томонидан кейинчалик нашрга тайёрланган «Хоразм мақомлари» тўпламига (Т., 1980—1987) Хоразм мумтоз мусиқасининг бошқа жанрлари (сувора, фарёд каби) намуналари ҳам киритилган. Е. Романовская, Ил. Акбаров томонидан Матёқуб Харратов танбурда ижро этган айрим парчалар фонографга ёзилган (1934). Санъатшунослик интида К. Отаниёзов ва К. Исмоиловлардан Рост, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ (1949), Ҳ. Болтаевдан Бузрук (1952) макомларининг ашула йўллари магнит лентасига ёзиб олинган.

Хоразм мақомлари ижрочилигининг йирик намояндалари Ниёзжонхўжа, Комил Хоразмий, Феруз, Худойберган муҳркан, Матёқуб ва Матюсуф Харратовлар, М. Худойберганов, К. Отаниёзов, Ҳ. Болтаев, М. Рахимов, Н. Юсупова, М. Юсупов, Р. Жуманиёзов ва б. дир.

Ад.: Акбаров И., Кон Ю., Хоразм мақомлари [«Ўзбек халқ музикаси» китобида, 6ж. ], Т., 1958; Ражабов И., Мақомлар масаласига дойр, Т., 1963; Матёқубов О., Мақомот, Т., 2004.

Loading...