ХОРИЖИЙЛАР

ХОРИЖИЙЛАР (араб. ажралиб чиққан, исёнчи) — исломдатн илк оқим тарафдорлари. Халифа Али билан умавийлар ўртасидаги кураш давомида 7-а. нинг 2-ярми бошларида вужудга келган. Тахт учун куращда Али Муовия тарафдорлари (умавийлар) билан музокара олиб боришга кўнган. Бу ҳол Али ҳақиқий ворислик ҳуқуқига эга деб ҳисоблаган тарафдорларининг ўртасида норозилик туғдирган. Қўшиннинг бир қисми (12 минг киши) Алини келишувчиликда айблаб, ундан ажралиб чиққан ва кейинчалик Алига ҳам, умавийларга ҳам баббаравар қарши кураш бошлаган. Ана шу гуруҳ тарафдорлари X. деб ном олган. X. ҳаракати араблар томонидан бўйсундирилган Ироқ ва Эрон аҳолиси, оддий арабмусулмонлар манфаатини ифодалаган. Улар ўзларини ҳақиқий мусулмон деб ҳисоблаган. X. «диндан қайтган» деб эълон қилинган сиёсий ва ғоявий рақибларга нисбатан муросасиз бўлган. X. таълимотига кўра, халифа диний жамоа томонидан сайланади ва жамоага бўйсунади; ҳар қандай тақводор мусулмон (ҳатто қул ёки қора танли бўлса ҳам) халифа бўлиб сайланиши мумкин; агар халифа жамоа манфаатларини ҳимоя қилмаса, вазифасидан бўшатилади ва ҳатто қатл этилади. X. фикрича, эътиқод амалий фаолият билан мустаҳкамланиши лозим. Эътиқод, гуноҳкор кишиларни жазолаш масалаларида X. муржиъишшрта қарамақарши турган. Кейинчалик X. бир неча майда гуруҳларга бўлиниб кетган. Умавий ва аббосий халифалар 7—9-а. ларда Хорижийларга қарши кескин кураш олиб борди. Бунинг натижасида Хорижийларнинг кўпи қириб ташланди, қолганлари Шим. Африкада ўз давлатини вужудга келтирди. X. халифаликдаги кўпгина қўзғолонлар (Занжилар қўзғолони, Абу Муслим қўзғолони ва б. қўзғолонлар)да қатнашган. Ҳоз. даврда Хорижийларнинг ибодийлар фирқаси мағриб мамлакатларида (Жазоир, Тунис ва б. мамлакатларда), Уммон, Танзанияда учрайди.

Loading...