ХОТИН-ҚИЗЛАР КАСАЛЛИКЛАРИ

ХОТИН-ҚИЗЛАР КАСАЛЛИКЛАРИ, аёллар касалликлари, гинекологик касалликлар — хотинқизлар организмининг анатомик ва физиологик хусусиятларига боғлиқ касалликлар бўлиб, гинекология фани ўрганади. Бу касалликлар жинсий системага тегишли бўлсада, у бутун организмга таъсир қилади. Барча аъзо ва системалар бир-бири билан узвий боғлиқлиги туфайли Хотин-қизлар касалликларига бутун организмнинг кассаллиги деб қараш лозим; гинекологик касалликлар ўз навбатида бошқа аъзо ва системалар касалликлари оқибатида ҳам юзага келиши мумкин. Бунда турли специфик ва носпецифик инфекциялар, болалиқда бошдан ўтказган касалликлар, эндокрин хасталиклар, моддалар алмашинувининг бузилиши, ҳаётий муҳим аъзолар патологияси асосий аҳамиятга эга. Хотин-қизлар касалликлари бир неча гуруҳларга бўлинади: яллиғланиш касалликлари, ҳайз фаолиятининг бузилиши, ўсма касалликлари, жинсий аъзолар ривожланиши ҳамда жойлашуви анамалияси ва ҳ. к. Хотинқизларда кўпроқ яллиғланиш касалликлари кузатилади. Бу кўп жиҳатдан репродуктив системанинг функцияси билан боғлиқ бўлиб, ҳайз, аборт ва айниқса туғруқ жараёнида аёл организмида инфекция ривожланиши учун қулай шароит вужудга келади. Бундан ташқари специфик инфекциялар, жинсий йўл билан юқадиган касалликлар — захм, сўзак, трихомонада (қ. Трихомоноз), сўнгги йилларда ОИТС (СПИД), хламидиялар ва вируслар Х. қ. к. нинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Кўп ҳолларда Хотин-қизлар касалликларини стафилококк, стрептококк, замбуруғлар ва б. қўзғатади. Оғир кечувчи септик ҳолатларда, асосан, 2 ва ундан ортиқ турдаги микроорганизмлар касаллик қўзғатувчи сифатида иштирок этади. Жинсий аъзоларнинг яллиғланиши касалликларига бошқа аъзолардаги яллиғланиш жараёнлари ангина, синуситлар, буйрак касалликлари ва ҳ. к. ҳам сабаб бўлиши мумкин. Яллиғланиш қайси аъзода ривожланишига кўра кольпит (қинда), эндометрит (бачадонда), сальпингит (бачадон найида), оофорит (тухумдонда) ва б. фарқ қилинади. Бу касалликларда гавда ҳароратининг кўтарилиши, интоксикация, бош оғриши, умумий аҳволнинг ўзгариши билан бирга маҳаллий белгилар — қорин пастида оғриқ бўлиши, оғриқнинг ўзига хос тарқалиши (иррадиация), қиндан ажралмалар (оқчил) келиши, баъзан ҳайз функциясининг бузилиши каби аломатлар кузатилади.

Хотин-Қизлар Касалликларининг кўпчилиги ҳайз функциясининг бузилиши — гиперменструал синдром (ҳайз қони миқдорининг ортиши) ёки, аксинча, гипоменструал синдром (ҳайз қонининг камайиши ёки ҳайзнинг сийраклашуви), дисфункционал қон кетиши ва бошқалар билан боғлиқ.

Хотин-қизлар касалликларидан жинсий системанинг хавфли ва хавфсиз ўсмалари кўп, улар асосан тухумдон ва бачадонда кузатилади, бошқа жинсий аъзоларда эса кам учрайди. Жинсий аъзоларнинг ўсма касалликларини онкология ўрганади.

Гинекологик амалиётда жинсий системанинг раколди касалликларини олдини олиш муҳим, чунки улар вақт ўтиши билан ракка айланиши ҳам мумкин. Ўсмалар ҳам, раколди касалликлар ҳам одатда кўзга яққол ташланмайдиган белгиларсиз кечади, шу сабабли аёллар йилига икки марта акушерганекологга кўриниб туришлари лозим.

Қиз болалар ва ёш қизчаларда ҳам жинсий система касалликлари кузатилади. Бу, ҳайз функциясининг бузилиши ва жинсий аъзолар ривожланишидаги аномалиялардир. Бунга, асосан, унинг болалигида бошидан кечирган турли касалликлари, ноқулай турмуш тарзи, ҳатто у она қорнидалигидаёқ онасининг бирорбир жиддий касаллик билан оғригаилиги сабаб бўлиши мумкин. Ҳайз функциясининг бузилиши қизларда ҳайзнинг кеч ёки эрта бошланиши, номунтазамлиги, қон кетиши ва ҳ. к. лар билан кечади. Даволаш чоралари қанча эрта бошланса, шунча самаралироқ бўлади.

Жинсий система аъзоларининг ривожланиши ва жойлашуви аномалиялари ҳам катта гуруҳни ташкил этади; булар қизлик парда, қин, бачадон бўйни соҳасидаги битишмалар, бачадоннинг баъзан иккита ва ҳ. к. бўлиши. Бу аномалия лар жарроҳлик йўли билан даволанади. Жинсий аъзолар жойлашуви аномалиялари (бачадон, қин деворларининг турли йўналишда пастга силжиши, ҳатто тушиб ^лиши) кўпинча туғруқ асоратлари, баъзан чаноқ тубининг туғма заифлиги, оғир жисмоний меҳнат оқибатида юзага келади, бу одатда ёши каттароқ аёлларда кузатилади. Булар жарроҳлик усулида даволанади.

Ҳомиладорликнинг асоратли кечиши билан боғлиқ баъзи патологиялар (ҳомиладорликнинг эрта муддатларида ҳомиланинг тушиб қолиши, бачадондан ташқари ҳомиладорлик, елбўғоз), баъзи туғруқ асоратлари (оқма яралар, қўшни аъзолар шикастлари) ҳам гинекологик касалликларга киради.

Хотин-қизлар касалликлари ичида алоҳида гуруҳни нейро эндокрин синдромлар ташкил этади; бу, асосан, гипоталамогипофизар яатологиялар билан боғлиқ. Булар гинекологик ҳамда эндокринологик йўл билан даволанилади.

Аёллар жинсий системаси касалликларининг олдини олиш ва даволашни республикамиздаги таркибида аёллар консультациям бўлган туғруқ мажмуи ва оилавий поликлиникалар амалга оширади. Тошкентдаги акушерлик ва гинекология и. т. института, шунингдек, унинг вилоятлардаги филиаллари ҳомиладорлик ва туғруқ жараёнларининг асоратсиз кечиши, оналар ва болалар муҳофазасини таъминлашда акушерлик ва гинекологик ёрдамни илмий ташкил этиш мақсадида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Loading...