ХРОМОСОМАЛАР

ХРОМОСОМАЛАР (хромо… ва юн. soma — тана) — ҳужайрасидаги генларни ўзида сақловчи, ҳужайра ва яхлит организм учун хос хусусиятларни белгиловчи органоидлар. Ўзўзидан кўпайиш хусусиятига эга. Организмлар Хромосомалари тузилиши ва функциясига кўра бир-биридан фарқ қилади. «X.» терминини немис анатоми ва гистологи В. Вальдейер таклиф этган (1888). X. асосини оқсиллар ва нуклеопротеидлар билан боғланган 2 занжирли ДНК молекуласи ташкил этади. Хромосомалар даги ирсий ахборот ДНК молекуласининг тузилиши ва унинг генетик коди орқали таъминланади. Хромосомалар даги ДНКнинг тахланиши ва РНК синтезини бошкаришда оқсиллар иштирок этади. X. тузилиши ва функциясининг ўзгариши X. суббирликлари — хромонемаларнинг спиралланиши билан боғлиқ. Спиралланган X. ҳужайра бўлиниши метафазасида ёруглик микроскопда яхши кўринади. Ҳар бир хромосома центромералари орқали ўзаро туташган 2 та хроматиддан иборат. Хроматидлар редупликация натижасида ҳосил бўлади. Соматик ҳужайрларда X. диплоид (2 тадан), уларнинг бири она, 2си ота организмга тегишли. Жинсий кўпайиш (мейоз) да гомологик Хромосомалардан бири жинсий ҳужайраларга ўтади. Ҳар хил турга мансуб организмлар бирбиридан X. сони ва уларнинг тузилиши билан фарқ қилади. Ҳужайрадаги барча X. кариотип (X. тўплами)ни ҳосил қилади. Кариотипда жинсий X. ва аутосомалар бўлади. Айрим турларда айнан шу тур учун хос генларга эга бўлмаган қўшимча X. ҳам учрайди. Бактериялар ва вируслар генетик аппарата бир чизиқли ёки ҳалқасимон, цитоплазмадан ядро қобиғи орқали ажралмаганлиги ва тахланмаганлиги туфайли уларни шартли равишда X. дейиш мумкин.

Loading...