ХУРОСОН

ХУРОСОН (форс. — кун чиқиш, шарқ) — Эроннинг шим. шарқий қисмидаги тарихий вилоят. Парфия подшолигининт маркази (мил. ав. 250 — мил. 224). X. номи сосонийлар давридан маълум. X. 3-а. дан 18-а. ўрталаригача ҳоз. Эроннинг шим. шарқий қисми, Марв воҳаси, ҳоз. Туркманистоннинг жан. қисми ва Афғонистоннинг шим. ва шим. ғарбини ўз ичига олган. Машҳад, Нишопур, Марв, Балх, Ҳирот, Туе, Сарахс, Обивард, Нисо, Сабзавор Хуросоннинг муҳим шаҳарлари бўлган. 7-а. ўрталарида уни араблар эгаллаган. Араб халифалиги таназзулга учрагач, X. Тоҳирийлар, Саффорийлар, Сомонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Ҳулокуийлар, Куртлар давлати таркибига кирган (9 — 14-а. лар). 8-а. дан 13-а. нинг 20-й. ларигача X. Яқин ва Ўрта Шарқда иқгисодий жиҳатдан энг ривожланган ўлкалардан бири бўлган. У қўшни давлатларга қ. х. маҳсулотлари, мевалар, ипак, жун, мўйна чиқарган. Шунингдек, Хуросонда кумуш, қўрғошин, мис ва темир рудалари, олтин, олтингугурт, тўтиё, маргимуш, мармар, малахит ва б. қазиб чиқарилган, тўқимачилик авж олган. 1220 ва 1223 й. ларда Хуросонга мўғуллар ҳужум қилиб, вайрон этган; аҳолисининг кўпчилиги қириб ташланган. Шундан кейин X. аввалги мавқеига чиқа олмаган. 14-а. охирида Амир Темур Х. ни ўз давлатига қўшиб олган, кейинчалик Шайбонийлар, 1510 —1736 й. лар Сафавийлар давлатларига тобе бўлган. Кейинчалик Хуросоннинг бир қисми (Ҳирот вилояти ва Балх) Афгонистонга, бир қисми Эронга қўшилган.

Prev Article

ХУРМОЙ

Next Article

ХУРРИТЛАР