ЙИГИРИШ

ЙИГИРИШ — толали ўсимлик (жут, зиғир, каноп, пахта), жун ва ипак толаларидан, кимёвий толалардан ҳар хил йўғонликка ҳамда турли физикавий хоссаларга эга бўлган иплар тайёрлаш жараёни. Йигириш қўлда ва машиналар-да амалгаоширилади. Қўлда Йигириш сўнгги неолит давридан маълум. Кейинчалик жаҳондаги деярли барча халқлар орасида (Чекка Шим. ўлкалари халқларидан ташқари) кенг тарқалди. Пахта толасидан ип Йигириш дастлаб Ҳиндистонда маълум бўлган. Ўрта Осиёда пахта экиб, ип Йигириш ва газлама тўқиш милод бошидаёқ расм бўлган эди. Қўлда Йигиришнинг энг оддий усули бармоклар ёрдамида толалардан пилик тайёрлаб ва уни осилган ҳолатда ушлаб кафтлар орасида аста-секин ингичкалаштиришдан иборат бўлган. Кейинчалик дугли урчуқ пайдо бўлди ва ип тайерлаш анча осонлашди. Ўзбекистонда қад. урчу қанча такомиллаштирилиб, ғилдиракли чарх ясалди. Бундай чархнинг ғилдираги қўлда айлантириларди, шунда унинг урчуғи чилвир орқали уёқдан-буёққа буриларди. Борабора чарх такомиллаштирила борилди. Урчуқ ёки чархда ип Йигириш учун толалар олдин ёғоч тароқларда тараб текислаб олинар эди. Йигириш учун тайёрлаб олинган толалардан пиликлар тайёрланиб, улардан ингичка-йўғонлиги деярли бир хил иплар эшиларди. Қўлда Йигириш усули айрим жойларда ҳозир ҳам қўлланади.

Машинада Йигириш 18-а. дан бошлаб ривожлана бошлади. Узлуксиз ишлайдиган биринчи урчуқли Йигириш машинасига Буюк Британияда 1738 й. патент берилган. Унда чўзиш асбоби хам бўлган. Бундай машинада толаларни чўзиш, бураш (эшиш) ва ўраш (ғалтакка ўраш) жараёнлари бажарилган. Йигириш машинаси аста-секин такомиллаштира борилди. 1823 й. да даврий ишлайдиган автомат Й. машинаси, 1870 й. да эса узлуксиз ишлайдиган ҳалқасимон Йигириш машинаси ихтиро қилинди. Шундан сўнг Йигириш машиналарининг янги-янги моделлари яратилди. Англия, Франция, Германия, АҚШ, Россияда Йигириш ф-калари қурилди. Ҳозир Йигириш жараёни, асосан, автомат машиналарда амалга оширилади.

Ўзбекистонда Йигириш корхонасини ҳам ўз ичига олган дастлабки тўқимачилик ф-каси 1926 й. да Фарғонада қурилди. Кейинчалик Тошкент тўқимачилик комбинати барпо қилинди (1932—40). Унинг таркибида Йигириш фабрикаси хам бор. Ҳозир бу корхона жуда йириклашиб кетган. Тошкент тўқимачилик машиналари з-ди 1946 й. дастлабки пилик тайерлаш ва Йигириш машиналарини ишлаб чиқара бошлади. «Ўзбектўқимачиликмаш» бирлашмасида (1971 дан) пилик тайерлаш, Йигириш, ҳалқали Йигириш, Й.-пишитиш ускуналари ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон машинасозлигида Йигириш, эшиш-пишитиш, калавалаш жараёнларини биргаликда бажарадиган ҳалқали Йигириш (жун толалари учун) ва Й.-пишитиш (пахта толалари учун) машиналари яратилди. Булардан 5 хил русумли машиналар чет элларга экспорт қилинади. Жумладан, ПК-100 русумли Й.-пишитиш машинаси Брно (Словакия, 1965), Пловдив (Польша, 1966) Халқаро ярмаркаларида олтин медаль олган (қ. Йигириш машинаси).

Машинада Йигириш жараёни толаларни Йигиришга тайерлаш, Йигиришнинг ўзи, ипни пардозлаш ва ўраш босқичларини ўз ичига олади. Ипни тайёрлашда толалар тозаланади, пишитилади, узунлиги ва йўғон-ингичкалиги бўйича хилланади, таралади, бир оз пишитилиб пилик ҳосил қилинади. Бу ишлар бирин-кетин саваш, титиш, тараш, чўзиш ва пилик машиналарида бажарилади. Ипни пардозлашда унинг сирти тозаланади, ипак ва жун толаларидан йигирилган ипнинг туклари куйдирилади, ип назорат тирқишидан ўтказилади. Тайёр ип ғалтаклар, қогоз патронлар ва бобиналарга ўралади.

Машинада йигириладиган толаларнинг хоссалари ва олинадиган ипнинг нимага ишлатилишига қараб, Йигиришнинг 3 тизими, яъни оддий (карда), қайта тараш ва аппарат тизимлари қўлланади. Ўртача йўғонликдаги узун толалар оддий тизимда, ингичка узун толалар қайта тараш тизимида, калта толалар аппарат тизимида йигирилади. Бу тизимлар бир-биридан толаларни тараш усули билан фарқ қилади. Булардан ташқари, штапель тизими ҳам бор. У элементар кимёвий толалар дастасидан калава ип олишда қўлланади. Бу тизимда толаларни титиш, саваш ва тараш жараёнлари бўлмайди. Айтиб ўтилган тизимларда қўлланадиган Йигириш машиналарининг ҳаммасида урчуқ бор. Амалда урчуқсиз Йигириш машиналари ҳам қўлланади. Уларда толаларни бураш ва ипни ўраш жараёнларини мустақил иш қисмлари бажаради. Йигириш пайтида толаларга таъсир қиладиган кучларни қисобга олиб урчуқсиз Йигиришнинг ушбу усулларини санаб ўтиш мумкин: пневмомеханик, уюрмавий ва электр механик усуллар. Урчуқсиз Йигириш машиналарининг иш унумдорлиги урчукли машиналарникидан 2—3 марта юқори бўлади.

Текстурланган (қайишоқлиги юқори) таркибий ип ҳар хил киришимли кимёвий толалардан карда ёки тарокли (кайта тараш) тизимда йигириб олинади. Меланж (олачипор) ип ҳар хил рангга бўялган толалар аралашмасидан йигириб олинади. Пишитилган калава ип Й.-пишитиш машиналарида ёки пишитиш машиналарида тайёрланади. Йигиришнинг юкррида айтиб ўтилган барча усуллари ҳозир қам (жойига қараб) қўлланади.

Ад.: Марасулов Ш. Р., Будпиков В. И., Толали материалларнинг механик технологияси, Т., 1971; Букаев М. Т., Ипгазлама ишлаб чиқаришнинг умумий технологияси, Т., 1984.

Loading...