ЙИЛЛИК ҲАЛҚА

ЙИЛЛИК ҲАЛҚА, йиллик қаватлар — 1) ўсимликларда ксилема (ёғоч) нинг ўсиш зоналари; ёз-қишнинг алмашинишига караб, камбий фаолиятининг ўзгариши натижасида вужудга келади. Дарахтларнинг пояси, шохи ва илдизини кўндалангига кесиб Йиллик ҳалқани кўриш мумкин. Вегетация даврининг бошида ҳосил бўлган ксилема тузилиши, ранги, ялтироқлиги, ўлчами ва б. механик хоссалари билан вегетация даврининг 2-ярмида ҳосил бўлган ксилемадан фарқ қилади. Ўсимликнинг илдиз бўғзини арралаб ва кесилган жойидаги Йиллик ҳалқалар сонига қараб, дарахт ёшини аниқлаш мумкин: 2) ҳайвонларда — баъзи тўқималарда ҳар йили ривожланиб, узоқ сақланадиган (индивиднинг ёшини аниқлашга ёрдам берадиган) ҳосилалар. Йиллик ҳалқа ҳ – узоқ вақт ривожланган ва муҳим ўзгаришларга учрамаган скелет тузилмаларида ҳосил бўлади. Мас, Йиллик Ҳалқа балиқ тангачаларида, моллюска чиғаноқларида ва судралиб юрувчилар калла суягининг ясси қисмида, тирноқларда бўлади. Йиллик ҳалқа сонига қараб, индивиднинг ёши, у ё бу даражада кенглигига қараб, ўсиш суръати аниқланади.

Next Article

ЙИЛҚИ