ЙИЛЛИК МАРОМ, мавсумий маром — биологик жараёнлар ва ҳодисалар интенсивлиги ҳамда характерининг йиллик даврий такрорланиб туриши билан боғлиқ бўлган ўзгаришлар; қутблардан тортиб то тропик зоналаргача бўлган ҳудудлардаги барча организмларда кузатилади. Ташқи муҳит шароитининг кун узунлиги билан бирга ўзгариши Йиллик маром учун асосий сигнал бўлади (қ. Фотопериодизм). Биологик жараёнларнинг йиллик такрорланиб туриши тур учун муҳим бўлган реакциялар йиғиндисини ўз ичига олади. Йиллик маром организмларнинг миграцияси, қишки ёки ёзги уйқуга кетиши, бошпана, ин, уя қуриши каби хилма-хил фаолиятида намоён бўлади. Биокимёвий ва физиологик функцияларнинг мавсумий ўзгариши ўсиш, ривожланиш, кўпайиш, терморегуляция, фаол ҳаракатланиш ва б. ҳодисалар билан боғлиқ. Кўпчилик ўсимлик ва ҳайвонларда Йиллик маром доимий муҳит шароитида ўзгармас бўлсада, кўпинча турга хос ҳодиса ва жараёнларнинг қатъий такрорланиб туриши бу маромдан четга чиқиши мумкин.