ЙИЛҚИЧИЛИК

ЙИЛҚИЧИЛИКчорвачилик тармоғи. Отларни урчитиш, кўпайтириш, зотини такомиллаштириш, наслчилик ишлари билан шуғулланади. Йилқичилик ишчи ҳайвон тариқасида арзон, самарали энергия манбаи. Йилқичилик хилма-хил қ. х. ишларида, саноат корхоналарида, геологларнинг разведкачилик-қидирув ишларида, турли хил илмий экспедиция таркибида, чегара қўшинлари ва қўриқчилик хизматида ноёб от-улов вазифасини ўтайди.

Йилқичилик Осиё ва Европада мил. ав. 4-минг йилликда пайдо бўлган. Кўҳна Йилқичилик марказларидан бири, шубҳасиз, Ўрта Осиё кенгликлари ҳисобланади. Отлар мил. ав. 2-минг йилликда Ўрта Осиёдан Кичик Осиёга, ундан Африкага тарқалган. Америкага отлар европаликлар томонидан 16-а. да, Австралияга 17-а. да келтирилган. Отлар қўлга ўргатилганидан ва хонакилаштирилганидан кейин инсоннинг кўпгина ишларни бажаришда доимий ёрдамчисига айланди, армияда алоҳида отлиқ қўшинлар тузилди. Айрим халқларда Йилқичилик озиқ-овқат маҳсулотлари — гўшт ва сут олинадиган хўжалик тармоғи бўлиб қолди.

Қад. даврлардан бошлаб инсон ўз эҳтиёжларига жавоб берадиган от сифатларини такомиллаштириб келди. Йилқичилик тараққиётида салт миниладиган, аравага қўшиладиган ва юк ортиладиган асосий отлар яратилди.

Мавжуд маҳаллий от зотларини такомиллаштириш ва давр талабига мос янги от зотларини яратиш 18 – ва 19-а. ларда жадал суръатлар билан амалга оширилди. Натижада 21-а. бошларига келиб дунё мамлакатларида 250 дан ортиқ хилмахил туркум от зотлари урчитилмоқда. Шулар қаторидан одимлаб юрувчи, вазни 800—900 кг йирик, оғир юк тортувчи (16 тоннагача) йилқи зотлари ва бўйи 30 см, тугилгандаги вазни 5—6 кг келувчи митти фалабелла (Австралия) пони отлари ўрин олган.

Қад. Шарқнинг Мовароуннаҳр ҳудуди арғумоклари ўзининг такрорланмас, хўжалик учун фойдали биологик хусусиятлари билан ном таратган донгдор жониворлар сафидан ҳакли равишда тарихда ўз ўрнига эга. Ўзбек халқ достонлари «Алпомиш» ва «Гўрўғли»даги Бойчибор ва Ғиротлар образлари бунга мисолдир.

Ўзбекистон диёрида Йилқичилик анъаналари ва маданияти минглаб йиллар билан ўлчанади. Ўзбеклар авлоди қадимдан отдан тушмаган. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобурлар умри «от усти»да ўтган.

20-а. бошида бутун дунёда 125 млн., шу жумладан, Ўзбекистонда 590 минг бош йилқи мавжуд бўлган. Сўнгги йилларда қ. х. маҳсулотларини и. ч. да замонавий машина ва механизмлардан кенг кўламда фойдаланиш ва автомобиль-йўл транспортининг кенг ривожи натижаси ўлароқ от кучига бўлган талаб тобора сўниб борди ва оқибатда 20-а., хусусан, 20-а. нинг 30-й. ларидан сўнг Йилқичилик ривожида салбий ўзгаришлар содир бўлди. Йилқичилик қолоқликка юз тутди, эътибордан четда қолди. 1990 й. га келиб Ўзбекистонда йилқи сони атиги 89 минг бошни ташкил этди, холос. 1991 — 2001 й. ларда республикада Йилқичилик ривожланди ва 152000 бошга етди.

Ҳоз. замон дунё Йилқичилик 4 та асосий йўналишда ривожланмокда: наслчилик йилқичилиги; ишчи отларни етиштириш ва ишчи отлар йилқичилиги; маҳсулдор йилқичилик; миллий от ўйинлари, от спорти ва от саёҳати йилқичилиги.

Наслчилик йилқичилиги учун мавжуд йилқи зотларини такомиллаштириш, мамлакат оммавий Йилқичилик ги учун қимматбаҳо асл ва тоза зотдор йилқиларни етиштириб бериш асосий вазифа сифатида белгиланган. Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва б. вилоятлар хўжаликларида Йилқичилик жадал ривожланмоқда. Янги Йилқичилик хўжаликлари ташкил этилди. Жиззах вилоятида «Зарбулоқ», «Ўзбекистон», «Дўстлик»; Сурхондарёда қимиз ва от гўшти етиштиришга ихтисослашган «Дарбанд»; Қорақалпоғистонда «Оққалъа»; Самарқандда «Пангат» наслчилик хўжалиги; Андижонда «Ҳамза» қимиз ва ишчи от етиштирувчи ширкат хўжаликлари шулар жумласидандир. ЎзРда 3 от з-ди (Тошкент, Жиззах ва Қашқадарёда — Ҳисор), 1 наслчилик хўжалиги, 12 наслчилик фермаси, 4 ферма ва б. хўжаликлар Йилқичиликни ривожлантириш бўйича ишлар олиб бормоқда. Наслчилик Йилқичиликнинг асосини от з-длари ва наслчилик Йилқичилик фермалари ташкил этади. Бу етакчи хўжаликлар Ўзбекистонда оммавий товар Й. хўжалиги фермерларини, «Насл-хизмат» корхонасини ва «Чорванасл» бирлашмасини зот сифатини яхшиловчи деб тан олинган (сертификатли) қимматли наслдор йилқилар билан узлуксиз таъминлайди.

От з-длари ва наслчилик ферма йилқилари республика отчопари котила ишчанлик қобилияти бўйича синовдан ўтказилади. Синовда йўртоқи, салт минилувчи ва баъзан оғир юк тортувчи зот йилқиларига мансуб той ва ғўнонлар махсус дастур асосида машқ машғулотларини ўтайди, чопқирлиги, кучи ва бардошлиги синалади.

Ишчи отларни етиштириш. Йилқичилик наслчилик йўналиши бўйича ихтисослашган хўжаликларнинг Йилқичилик товар фермаларида ишчи отлар сақланади, урчитилади. Йилқилардан ишчи ҳайвон тариқасида фойдаланиш тури маҳаллий шароитга боғлиқ.

Маҳсулдор йилқичилик гўшт йилқичилиги ва сут йилқичилиги каби тармоқлардан иборат. Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғолди зоналари, Қорақалпоғистон ва б. худудларда маҳсулдор Йилқичилик уюр йилқичилиги кўринишида авж олган. Йил давомида яйловлардан фойдаланиш арзон ва сифатли йилқи маҳсулотларини (от гўшти ва от сути) етиштиришнинг асосий гарови. Битта яйлов биясидан йилига 1,5—2 ц тирик вазнда от гўшти олиш мумкин. Махсус боқилган йилқи ва унинг гўштидан ши-ринтоб, юқори калорияли, миллий тансиқ озиқ-овқат маҳсулотлари — қази-қарта тайёрланади.

Сут йилқичилиги ва у билан боғлиқ бўлган қимиз тайёрлаш техника ва технологияси гўшт йилқичилик хўжалиги ичида ва гўшт етиштириш билан бирга амалга оширилади. Қимиз етиштириш тобора авж олмоқда. Ҳамдўстлик мамлакатлари ичра 50 дан ортиқ қимиз б-н даволаш муассасалари аҳолига хиз-мат кўрсатмокда. Жумладан, Қозоғистонда «Боровое», Қирғизистонда «Иссиқкўл», Ўзбекистонда «Чатқол», Бошқирдистонда «Шафроново» ва ҳ. к.

От спорти йилқичилиги миллий от ўйинлари ва халқаро от спорти ҳамда олимпия мусобақаларида қатнашувчи команда иштирокчилари учун зотдор, чопқир, кучли ва аъло сифатли салт миниладиган ҳамда йўртоқи спортбоп отларни тайёрлаш вазифаларига хизмат қилади.

От спорти тараққий этган чет эл мамлакатлари ичида Буюк Британия, Германия, Швеция, АҚШ алоҳида ўрин тутади.

Дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам қад. миллий от ўйинлари ва классик от спорти учун кучли замин тайёрланган. От спорти, кўпкари, от пойгаси республика ва республикалараро федерациялари ва қатор от спорт маҳорат мактаблари, «Олтин тақа» каби от спорт клуби ўз истиқболи муҳим ишларини Йилқичилик хўжаликлари фаолияти билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ривожлантирмоқда. Республика от спорти федерацияси, пойга ва кўпкари бўйича республика федерацияси тузилди ва фаол иш юритмоқда. Миллий от ўйинлари бўйича Бишкекда ташкил этилган Халқаро федерацияга Ўзбекистон аъзо бўлди. Қатор от спорт клублари ва от спорти болалар маҳорати мактаблари очилди. Улар республика ва вилоят от-чопарлари билан Ҳамкорликда машғулотларни бошлаб юборганлиги миллий от ўйинлари ва ажойиб от спорти ривожидан ёрқин далолатдир.

Ўзбекистон чорвачилик и. т. инти Йилқичилик соҳаси бўйича илмий ишларни бажаради, и. ч. технологияларига оид замонавий долзарб масалалар юзасидан тармоққа илмий асосда амалий ёрдам кўрсатади.

Йилқичилик фан сифатида олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг зоомуҳандислик ва ветеринария ф-тларида ўқитилади (яна қ. Иппология, От).

Ад.: Коневодство (Под ред. проф. В. А. Щекина), Т., 1952; Калинин В. И., Яковлев А. А., Коневодство, М., 1966; Бобылев И., Конные игры, Т., 1989.

Абдусаттор Амиров.

Loading...