ЙИРТҚИЧ ҚУШЛАР

ЙИРТҚИЧ ҚУШЛАР (Falconiformes) — кушлар ейнфининг туркуми. Танаси йирик ёки ўртача катталикда, энг майда вакили—карлик лочин қанотининг уз. 9—10 см; энг йирик америка тасқарасининг қаноти 115 см, ёйилганида 2,5—3 м, вазни 8—12 кг. Тумшуғи кучли ривожланган, учки қисми илмоққа ўхшаш эгилган бўлиб, ўлжаси терисини йиртиш ва этини узиб олишга мослашган. Оёқлари ўртача узунликда, панжалари кучли ривожланган, тирноқлари ўткир, илмоқсимон эгилган. Тирноқлари ёрдамида чанг солиб ўлжасини ўлдиради ва уни ушлаб туради. Йиртқич қушларнинг тумшуғи асосидаги териси патсиз, очиқ рангли бўлиб, танасининг бошқа қисмидан ажралиб туради. Патлари тиғиз бўлиши, кўзлари бошининг 2 ёнида жойлашганлиги билан япалоққушлардан фарқ қилади. Жиғилдони жуда кенг, тана вазнининг деярли ярмига тенг келадиган озиқни сиғдиради. Кўпчилик турлари моногам. Тухумдан чиққан жўжасининг кўзи очиқ, танаси пат билан қопланган бўлса ҳам уяда узоқ вақт яшайди. Кўпчилик Йиртқич қушларнинг нари ва модаси бир хил рангда, кўпинча нари модасига нисбатан кичикроқ ёки бир хил катталикда (америка кондорининг нари йирикроқ) бўлади. Кундузи ҳаёт кечиради. Ер юзида кенг тарқалган. Анча узоқ яшайди. Тутқинликда лочин 55, бургут 46, тасқара 69, қирғий 25 йил яшаган. Йилда бир марта, баъзан 2 марта кўпаяди. Дарахтлар шохи, каваги, қоялар ва ерга уя қуради ёки бошқа қушлар уясини эгаллайди. Одатда, ўша жуфтнинг ўзи ҳар йили бир жойнинг ўзига уя куриб, бола очади. Йирик Йиртқич қушлар 1—2 та, майдалари 6—7 та, баъзан 9 тагача тухум босади. Тухумини биттадан бир неча кун давомида қўйганидан уядаги жўжалари ҳам ҳар хил ёшда бўлади. Йирик Йиртқич қушлар (Мас, бургут, болтаютар) 2 ой, майдалари 1 ойга яқин тухум босади. Майда ва ўртача катталикдаги қушларнинг жўжаси 1 ойдан, йирик қушларники 3, ҳатто 4 ойдан сўнг учирма бўлади. Йиртқич қушлар ҳар хил ҳайвонлар, асосан, сут эмизувчилар, қушлар ва ҳашаротлар, баъзан ҳайвонлар ўлимтиги б-н озикланади. Тропик минтақаларда (Африка) яшовчи айрим Йиртқич қушлар мевалар билан озиқланади. Ўлжасини ҳаводан туриб излайди; шунинг учун кўзлари, учиш қобилияти яхши ривожланган. Йилда бир марта узоқ вақт тўлиқ туллайди.

Йиртқич қушлар кишиларнинг хўжалик фаолиятида муҳим ижобий аҳамиятга эга. Кўпчилик турлари қ. х. экинлари зараркунандалари, кемирувчилар, ҳашаротларни қириб фойда келтиради. Бошқалари эса кучсиз ва касалланган ҳайвонлар билан озикланиши туфайли табиатда доим содир бўлиб турадиган табиий танланиш асосий омили ҳисобланади. Йиртқич қушларнинг сони камайиб бораётганлиги сабабли кўпчилик мамлакатларда муҳофаза қилинади. 290 та тури маълум. Йиртқич қушлар туркуми 5 та оилага бўлинади. Ўзбекистон ҳудудида лочинлар ва қарчиғайлар оиласига мансуб бўлган 40 тури учрайди.

Очил Мавлонов.

Loading...