ЙИРТҚИЧЛАР

ЙИРТҚИЧЛАР, этхўр ҳайвонлар (Carnivora) — сут эмизувчиларнинг бир туркуми. Катталиги ҳар хил. Танасининг уз. 20 см дан (латча) 3 м гача (оқ айиқ). Оғирлиги 0,1—700 кг. Бу туркумга, асосан, йиртқич ҳайвонлар киради. Қозиқ тиши катта, озиқ тишлари ўткир. Курак тишлари кичик ва яхши ривожланмаган. Юқори жағидаги охирги сохта ва биринчи чин озиқ тишларининг кўриниши ўзгариб, йиртқич тишга айланган. Йиртқичларнинг тирноқлари яхши тараққий этган ва ўткир. Баъзиларининг тирноқлари ичкарига ботиб кирган. Кўриш, эшитиш ва ҳидлаш органлари яхши ривожланган. Ошқозони оддий, кўричаги қисқа ёки мутлақо йўқ. 7 та; мушуксимонлар, виверрасимонлар, сусарсимонлар, сиртлонсимонлар, итсимонлар, айиқсимонлар ва енотсимонлар оилаларига бўлинади. Йиртқичлар Австралия ва Полинезиядан ташқари қамма ерда кенг тарқалган. Ўзбекистонда 6 оилага мансуб 25 тача тури учрайди. Йиртқичлар зараркунанда кемирувчилар сонини чекловчи ҳамда табиатда касал ва нимжон хайвонлар сонини камайтирувчи табиий санитарлар сифатида аҳамиятга эга.

Next Article

ЙЕТС