ЙОГА

ЙОГА (санскритча — бирлашиш, мулоқот) —1) инсон руҳияти ва физиологиясини бошқариш таълимоти ва методи. «Халос бўлиш» (мокша ёки нирвана) ҳолатига эришишни мақсад қилиб қўйган ҳинд диний ва фалсафий тизимларининг таркибий қисми. Инсонда (руҳиятни муайян йўсинда чоғлаш орқали) органик ва анорганик жараён ва жисмларни бошқариш учун қандайдир куч ва имкониятлар мавжудлигини тан олади. Йогада жисмоний машқлар тизими ишлаб чиқилган ва организмнинг нафас олиш ва б. физиологик функцияларини бошқаришда, инсонда хоҳлаган руҳий ҳолатни вужудга келтиришда маълум муваффақиятларга эришилган. Асосий фалсафий ғоя-си — инсон психофизиологияси билан коинот ўртасидаги уйғунлик; 2) ҳинд фалсафасидаги 6 ортодоксал (ведаларни эътироф этадиган) тизимлардан бири. Қад. ҳинд файласуфи Патанжали (мил. ав.2-а. билан мил. 2-а. оралиғи) асос солган. Йога методлари табиати ва функцияларини, уларни қўлланиш босқичлари ва б. ни тадқиқ этган. Умумий фалсафий масалаларда санкхья таълимотига эргашади.

Loading...