ЙОКОХАМА, Иокогама — Япониядаги шаҳар. Хонсю о. да, Токио қўлтиғи соҳилида. Канагава префектурасининг маъмурий маркази. Аҳолиси 3,3 млн. киши (1995). Йокохамага 1858 й. да асос солинган. 19-а. нинг 70-й. ларида й. Япониянинг энг катта портларидан бири эди (мамлакат ташқи савдо айланмасининг 70%и). Шаҳар 1923 й. да зилзила ва ёнғиндан, 1945 й. да Америка авиацияси бомбардимонидан катта зарар кўрди. Йокохама — мамлакатнинг йирик иқтисодий маркази ва порт шаҳри, халқаро аҳамиятга эга муҳим транспорт йўллари тугуни. Электрлаштирилган т. й. ва кема қатнайдиган канал орқали Токио ш. билан боғланган. Йокохама порти юкларни қабул қилиш ва жўнатишда мамлакатда 2-ўринда (йиллик юк ортибтушириш 100 млн. т дан зиёд). Й. Токио ва Кавасаки ш. лари билан бирга Канто индустриал р-нини ташкил этади. Шаҳарда йирик япон банклари, монополистик концерн ва савдо фирмаларининг филиаллари жойлашган. Кемасозлик, транспорт ва электроэнергетика машинасозлиги, қора металлургия, нефть-кимё саноати тармоқлари ривожланган. Атом саноати корхоналари, ҳарбий з-длар (жумладан, самолётсозлик), ип ва ипак газлама ф-калари бор. Ойна-керамика буюмлари ишлаб чиқарилади. Метрополитен бор.