ЙЎЛ БЕЛГИЛАРИ

ЙЎЛ БЕЛГИЛАРИ — ҳайдовчилар, пиёдалар, йўловчилар, йўл таъмирловчилар, чорва молларини ҳайдаб борувчиларнинг автомобиль йўллари ва шаҳар кўчаларида ҳаракатланишини тартибга солиш, уларни хавфли участкалар ҳақида огоҳлантириш учун тегишли жойларга осиб қўйиладиган шартли белгилар. Йўлларда ҳаракатланишни тартибга солишга илгаридан ҳаракат қилинган. Отаравалар ва извошлар ўрнини автомобиллар ва б. транспорт воситалари эгаллай борган сари қоидалар, улардаги белгилар ҳам такомиллашиб борди. Йўл белгиларидаги графиклар, техник тафсилотлар 1968 й. да Венада ўтказилган «Йўл белгилари ва сигналлари ҳақидаги конвенция» ҳамда бу конвенцияни тўлдирувчи Европа келишуви (1971, Женева) талабларига кўра ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикасида 2001 й. да халқаро меъёрлар асосида, маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда янги «Йўл ҳаракати қоидалари» ишлаб чиқилди. Бу қоидаларга Йўл белгиларининг қуйидаги асосий 4 та: огоҳлантирувчи, имтиёз, тақиқловчи, буюрувчи гуруҳи ва ундан ташқари ахборот-ишора, сервис, кушимча ахборот белгилари киритилган.

Огоҳлантирувчи белгилар — йўл ҳаракати қатнашчиларига йўлнинг ҳаракатланишда вазиятга қараб чора кўришни талаб қиладиган хавфли қисмларининг жойлашуви ҳамда уларнинг хусусиятлари тўғрисида маълумот бериш учун қўлланилади. Имтиёз белгилари — чорраҳаларда, алоҳида жойлашган қатнов қисмлари кесишган жойларда, шунингдек йўлнинг тор қисмида йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаракатланиш навба-тини белгилаш учун қўлланилади. Тақиқловчи белгилар — йўл ҳара-катига маълум чеклашлар киритиш ёки уларни бекор қилиш учун қўлланилади. Буюрувчи белгилар — транспорт воситаларига кўрсатилган йўналишда ёки фақат маълум йўналишларда ҳаракатланишлари лозимлигини буюради. Ахборот-ишора белгилари — ҳаракат қатнашчиларига йўлдаги ҳаракат тартиби хусусиятлари ҳамда аҳоли яшайдиган жойлар ва манзилларнинг жойлашуви ҳақида маълумот бериш учун қўлланилади. Сервис белгилари — транспорт воситалари, йўловчилар ва ҳайдовчиларга хизмат кўрсатиш жойлари хақида маълумот бериш учун қўлланилади. Қўшимча ахборот белгилари — улар билан биргаликда қўлланилган белгиларга аниқлик киритиш ёки уларнинг таъ-сирини чеклаш учун қўлланилади.

Барча белгилар қоронғи пайтларда ёритилиб туриладиган бўлиши ёки камида 100 метр наридан кўришга имкон берадиган материаллар билан қопланиши лозим.

Ад.: Йўл ҳаракати қоидалари, Т., 2001.

Собир Абдурасулов.

Loading...