ЙЎЛБАРС

ЙЎЛБАРС (Panthera tigris) — мушуксимонлар оиласига мансуб сут эмизувчи ҳайвон. Шу оиланинг энг йирик вакили. Танасининг уз. 160—290 см (баъзан 3 м дан ортиқ), думи 114 см гача, вазни 390 кг гача. Боши юмалоқ, малларанг, танасининг орқа ва ён томонларида кўндаланг қора йўллари бўлади. 7 та кенжа тури маълум. Ғарбий ва Жан.-Шарқий Осиё ҳамда Ҳиндистон я. о. да тарқалган. Россиянинг Приморье ўлкасида амур Й. и (P.t. altaica) учрайди. 20-а. нинг 30-й. гача Кавказ ортида, 50-й. гача Амударёнинг қуйи оқимида (турон Й. и P.t. virgata) учраган. Йўлбарс 20 а. бошларигача Чирчиқ ҳавзасида ҳам яшаган. Йўлбарс, асосан, тўқайлар, қалин қамишзор ва тоғ ўрмонларида яшайди. Улар ёввойи туёқли ҳайвонлар, жумладан, тўнғизларни овлайди, одамхўр Йўлбарс камдан-кам учрайди. 2—3 йилда бир марта болалайди, ҳомиладорлик даври 98—112 кун, 2—6 та бола туғади; 5—6 ой эмизади. Болалари 1—2 ёшида мустақил яшай бошлайди. Сони жуда камайиб кетган, барча кенжа турлари Халқаро Қизил китобга киритилган.

Loading...