ЙЎЛДОШЕВ Баҳодир Турсунович

ЙЎЛДОШЕВ Баҳодир Турсунович (1945.7.9, Каттақўрғон ш.) — реж., Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1979), Ўзбекистон халқ артисти (1995). Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тини тугатган (1970). Ҳамза театрида реж. ассистенти (1968—70), реж. (1970-74), бош реж. (1974-84). 1984 й. дан Аброр Ҳидоятов номидаги драма театрининг бош реж. и. Энг яхши спектакллари: «Рўйхатларда йўқ» (Б. Васильев), «Келинлар қўзғолони», «Фармонбиби аразлади» (С. Аҳмад), «Нодирабегим» (Т. Тўла), «Юлдузли тунлар» (П. Қодиров), «Зебуннисо» (Уйғун), «Майсаранинг иши» (Ҳамза), «Қора камар» (Ш. Холмирзаев), «Искандар» (А. Навоий), «Аршин мол олон» (У. Ҳожибеков), «Малика» (Фотима Галер), «Буюк ипак йўли» (М. Бафоев мусиқаси асосида), «Бухоройи шариф» (С. Айний асари асосида), «Тоға-жиянлар» (Р. Бобожон) ва б. Бир қанча бошқа театрларда ҳам спектакллар қўйган: Муқимий театрида «Нодирабегим», Лаос театрида «Келинлар қўзғолони», АҚШда «Дунё ёшлари», Конибодом театрида «Судхўрнинг ўлими», Сирдарё театрида «Дардимни кимга айтай», «Маъмура кампир», Самарқанд театрида «Нодирабегим», «Чеча», «Буюк ипак йўли», Навоий театрида «Алишер Навоий» операси ва б. У, шунингдек, мамлакатнинг турли саналарига бағишланган байрам томошаларини саҳналаштирган: «Улуғбек юбилейи» (1994), «Наврўз» (1995), «Амир Темур юбилейи» (1996, Регистон), «Шарқ тароналари» (1997) ва б. шулар жумласидан. Кинода актёр сифатида Олчинбек («Оловли йўллар»), Мухторов («Тогдаги учрашув»), Шерзод («Олмос камар»), Собиров («Ошпаз») каби образлар яратган. Унинг спектакллари ҳар бир вокеанинг, эпизоднинг моҳиятини ифодалашга қодир саҳна воситаларига бойлиги б-н, тасвирий воситалар, мусиқа, пластиканинг мураккаб оҳангдошлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, янги саҳна шаклларини топиш, давр мавзуси, ғоялари, характер, ўзбек театри анъаналарини унутмаган ҳолда жаҳон театри жараёни кенгликларига чиқишга интилиш, бугунги кун учун долзарб бўлган мавзуни ҳозиржавоблик билан саҳнага олиб чиқиш Йўлдошев ижодига хос. «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган (1998).

Loading...