ЙЎЛДОШЕВ

ЙЎЛДОШЕВ Эргаш (1924.1.5, Чуст тумани — 1991.8.1, Тошкент) — хонанда (драматик тенор), Ўзбекистон халқ артисти (1974). Тошкент консерваториясини тугатган (1958). Ўзбек анъанавий ижрочилик услубларини М. Узоқовдан ўрганган. Ижодий фаолиятини Чуст тумани к-з — с-з театрида бошлаган (1939—41). Янгийўл театри (1942-45), Тошсовет театри (1945—47) артисти, Ўзбек давлат филармонияси (1948—58), Навоий номидаги опера ва балет театри (1958—82)да яккахон хонанда. Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тида дарс берган (1982—88). Ижрочилик санъатида опера вокал техникаси, ўзбек анъанавий хонандалик услублари узвий боғланиб кетган. На-фаси кенг, баланд пардаларни равон ва моҳирона эгаллаган. Мусиқали драмаларда Қодир, Норбўта (С. Абдулла; Т. Жалилов, «Тоҳир ва Зуҳра», «Офтобхон»), Ғирдак (Ҳ. Олимжон; Ю. Ражабий, «Муқанна») ва б. образларни яратган; операларда Омон (Т. Содиқов, Ю. Ражабий, Д. Зокиров, Б. Зейдман, «Зайнаб ва Омон»), Чўпон (С. Юдаков, «Майсаранинг иши»), Ниёз (М. Юсупов, «Хоразм қўшиғи»), Моний (М. Ашрафий, «Дилором»), Қодир (Т. Содиқов, Р. Глиэр, «Гулсара») каби бош партияларни ижро этган. Репертуаридан мақом йўллари («Дугоҳ», «Баёт» ва б.), катта ашула, халқ («Танавор», «Зор этдинг») ва ўзбек бастакорларининг («Эй, сарви равон», «Дуторим», «Ўйнаб ўтинг, шаббодалар», «Ўзбекистондан» ва б.) ашула, ялла ва қўшиқлари ўрин олган.

Loading...