ЙОХАННЕСБУРГ

ЙОХАННЕСБУРГ — ЖАРдаги шаҳар, Трансвааль провинциясида. Аҳолисининг сони жиҳатидан мамлакатдаги катта шаҳарлардан: 1,9 млн. киши (1991).

Йоханнесбург 1886 й. да олтинга бой конлар ёнида вужудга келган. 1899—1902 й. лардаги Англия-Бурлар уруши давомида Йоханнесбургни инглизлар босиб олди. 1910 й. да Жан. Африка Иттифоқи таркибига киритилди. 1955 й. даЖан. Африканинг ирқчиликка қарши конгресси Йоханнесбургда Озодлик хартиясини қабул қилди. Йоханнесбург — ЖАРнинг энг катта савдо ва саноат маркази. Йирик т. й. тугуни. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Йоханнесбург ва унинг атрофида металлсозлик, машинасозлик (кон машиналари ва б.), кимё, полиграфия, тўқимачилик, электротехника, қисмлардан автомобиль йиғиш, кўн ва озиқ-овқат саноати корхоналари, олмосга сайқал берувчи ф-калар, йирик электр ст-ялар мавжуд. Шаҳарда асосий кон ва молия концернларининг бошқармалари, фонд биржалари жойлашган. Ун-т, астрономия расадхонаси, ратуша биноси (1915), собор (1926), кутубхона, театр (1962), банклар ва б. бор.

Loading...