ЙУМҒОН

ЙУМҒОН — ўрта асрларда Бадахшоннинг жан.-шарқида жойлашган тарихий тоғли туман ва шаҳар номи. 7-а. Хитой манбаларида (Сюань Цзан) Инпокйен мулки сифатида қайд этилган. «Йумғон» атамаси «қама кон», яъни «ҳамма ери кон» маъносини англатган, чунки ушбу тоғли туманда турли-туман катта конлар мавжуд бўлган. Маҳмуд ибн Валининг ёзишича, қадимда Йумғон бутун Бадахшоннинг пойтахти бўлган. Б. А. Аҳмедовнинг фикрича, бу шаҳар ҳоз. Файзобод ўрнида бўлиб, Жузун деб ҳам аталган. Баъзи манбаларга кўра, мил. 861—862 й. ларда Йумғон даги қаттиқ зилзила натижасида шаҳар вайрон этилган. Бироқ тез орада шаҳар тикланиб, 17-а. да мустаҳкам шаҳар сифатида маълум бўлган. Тахм. 1059—63 й. ларда машҳур шоир Носир Хисрав Балхдан Йумғонга қочиб келган ва умрининг охиригача шу ерда яшаган. У бу ерда кўплаб ажойиб бинолар, ғаройиб иншоотлар, жумладан, замонасининг мўъжизаси ҳисобланган катта ҳаммом қурдирган, бироқ 17-а. да ҳаммом сақланиб қолмаганди. Носир Хисрав вафотидан сўнг Йумғон яқинига дафн этилган. 9—10-а. ларда, Сомонийлар даврида Йумғонда зарбхона бўлиб, кумуш дирҳамлар зарб қилинган.

Ад.: Аҳмедов Б., История Балха, Т., 1982; Камалиддинов Ш. С, Историческая география Южного Согда и Тохаристона по ярабоязычным источникам IX – начала XIII вв., Т., 1996.

Loading...