ЯДРО ЭЛЕКТРОНИКАСИ

ЯДРО ЭЛЕКТРОНИКАСИядро физикасида қўлланиладиган электроника усуллари мажмуи; ядрога доир тажрибаларда ахборотларни олиш, ўзгартириш ва қайта ишлашда қўлланилади.

Ядро электроникаси асбобларининг вазифаси ядро зарралари детекторидан келаётган сигналларни кучайтириш, уларни амплитудаси, пайдо бўлиш вақтлари, шакли бўйича саралаш, сигналлар амплитудалари ёки улар ўртасидаги оралиқларни рақамли кодга айлантириш, импульс оқимларининг параметрларини аниқлаш, сигналларни математик ишлаб чиқиш ва бошқалардан иборат.

Ядро электроникасининг барча қурилмалари, блоклари ва узеллари аналогли ёки рақамли бўлиши мумкин. Улар схема ва элементлари, санаш усуллари, анализ ва синтез қилиш усуллари билан бир-биридан фарқ қилади. Ҳозир, асосан, рақамли қурилмалардан фойдаланилади.

Ядро электроникаси қурилмаларининг асосий элементлари турли даражадаги кенг полосали импульс кучайтиргичлар, ҳар хил амплитуда, кенглик ва шаклдаги бошланғич импульсларни стандарт параметрдаги чиқиш импульсларига айлантирувчи ўзгартиргичлар; импульсларни амплитуда бўйича танлаб, натижавий стандарт сигналлар кўринишида узатувчи амплитуда дискриминаторлари; импульсларнинг мос тушиш ва мос тушмаслик схемалари; ядро нурларининг вақт бирлигидаги сонини ўлчайдиган интенсиметрлар; импульс амплитудалари ва улар ўртасидаги вақт оралиқларини рақамли кодларга ўзгартиргичлардан иборат.

Ядро электроникаси усуллари ядро физикаси ва элементар зарядлар физикасидан ташқари, ионлаштирадиган нурланишлар билан иш кўриладиган ҳамма ҳолларда (кимё, тиббиёт, космик тадқиқотлар ва ҳ. к. да) қўлланади.

Loading...