ЯДРО ФИЗИКАСИ — физиканинг атом ядроси тузилишини ва уларнинг хоссаларини, радиоактив емирилиш ва ядро реакцияси механизмини ўрганувчи бўлими. «Ядро физикаси» атамасига умумий маъно бериб, Ядро физикасига кўпинча элементар зарралар физикаси ҳам киритилади. Баъзан техниканинг мустақил тармоқларига айланган тадқиқот йўналишлари, мас, тезлатиш техникаси (қ. Тезлаткичлар), ядро энергетикаси ҳам Ядро физикаси бўлимлари ҳисобланади. Умуман Ядро физикаси атом ядроси мавжудлиги аниқланишидан аввал пайдо бўлган. Ядро физикасининг пайдо бўлиши радиоактивлик кашф қилинган вақтдан ҳисобланади.
Замонавий Ядро физикаси тор соҳа ва йўналишларга аниқ бўлинмаган. Одатда, паст, оралиқ ва юқори энергиялар Ядро физикаси фарқланади. Паст энергиялар Ядро физикасига ядро тузилиши масалалари, ядроларнинг радиоактив емирилишини ўрганиш, шунингдек, энергияси 200 МэВ гача бўлган зарралар келтириб чиқарадиган ядро реакцияларини ўрганиш киради. Энергияси 200 МэВ дан 1 ГэВ гача бўлган энергиялар оралиқ энергиялар деб, 1 ГэВ дан катта энергиялар юқори энергиялар деб аталади. Бундай бўлиниш шартли бўлиб, тезлатиш техникасининг ривожланиши тарихи билан боғлиқ. Ҳозирги замон Я. ф. да ядро структураси юқори энергияли зарралар ёрдамида текширилади. Элементар зарраларнинг фундаментал хоссалари эса ядроларнинг радиоактив емирилишини тадқиқ қилиш натижасида аниқланади.
Паст энергиялар Ядро физикасининг таркибий қисми секин нейтронларнинг модда билан ўзаро таъсирини ва нейтронлар таъсирида борадиган ядро реакцияларини тадқиқ қилувчи нейтрон физикасидан иборат. Ядро физикасининг янги соҳаси кўп зарядли ионлар таъсирида содир бўладиган ядро реакцияларини ўрганишдир. Ядроларнинг электронлар ва фотонлар билан ўзаро таъсирини ўрганиш Ядро физикасининг алоҳида йўналишини ташкил қилади. Ядро физикасининг экспериментал воситалари мажмуи турлитуман ва мураккабдир. Унинг асосини зарядланган зарралар тезлаткичлари, ядро реакторлари, ядро нурланиш детекторлари ташкил этади. Ядро физикасининг амалий аҳамияти ҳам жуда катта: ядро қуролини яратиш ва ядро энергетикасида, тиббиётда (диагностика ва даволашда) кенг қўлланади. Ўзбекистон ФА Ядро физикаси институтит Ядро физикасига доир илмий текшириш ишлари олиб борилади. Ўзбекистонда Ядро физикасини тараққий эттиришда У. О. Орифов, С. А. Азимов, Р. Ъ. Бекжонов, Ъ. С. Йўлдошев, М. С. Юнўсов, П. Қ. Ҳабибуллаев ва бошқалар олимларнинг ҳиссаси катта.