ЯДРО ТЕХНИКАСИ

ЯДРО ТЕХНИКАСИ — техниканинг ядро энергиясидан фойдаланиш билан шуғулланадиган тармоғи. Турли моддаларнинг ядровий хоссаларидан техникада фойдаланиш билан боғлиқ бўлган техника воситалари ва уларга доир ишларни ташкил этиш мажмуи. Ядро техникасида ядро энергиясидан бевосита ва билвосита фойдаланилади.

Бевосита фойдаланишга катта энергия олинадиган қатор элементларнинг бўлиниш (синтез) реакциялари киради. Бунда энергия атом реакторларида иссикдик тарзида ажралади, иссиқлик эса электр ва механик энергияга айлантирилади.

Билвосита фойдаланишга ядроларнинг бўлиниш маҳсулотлари (радиоактив изотоплар ва нурланиш)ни саноатда, қ. ҳ., фан ва техникада қўллаш киради (қ. Изотоп индикаторлар).

Ядро техникасининг асосий йўналишлари: реакторсозлик; ядро ёкилғиси ишлаб чиқариш; реакторлар учун иссиқлик ажратувчи элементлар тайёрлаш; фойдаланилган ядро ёқилғисини қайта ишлаш; изотопларнинг бўлиниши; радиоактив изотопларни ишлаб чиқариш; ходимларни зарарли нурланишдан ҳимоя қилиш усуллари ҳамда воситаларини ишлаб чиқишдан иборат. Реакторлар учун конструкцион материаллар олиш технологияси (графит, оғир сув, цирконий, бериллий ва бошқалар олиш ҳам), реакторлар ва ядро қурилмаларини автоматик бошқариш ҳамда ростлашнинг пухта схемасини тузиш, ядрофизикавий ва иссиқлик жараёнларини ҳисоблаш усуллари ва назариясини яратишда Ядро техникасидан фойдаланилади (яна қ. Атом электр станцияси).

Loading...