ЯДРОСИЗ ЗОНА

ЯДРОСИЗ ЗОНА — халқаро ҳуқукда ядро қуролини қандай шаклда бўлишидан қатьи назар, жойлаштириш ман қилинган демилитаризация зонаси. Ядросиз зона қуроляроғларни чеклаш, ядровий низо чиқиши хавфини камайтириш, мазкур зонага кирадиган мамлакатлар хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиб, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани ҳаётга татбиқ қилиш омили ҳисобланади. Ядросиз зонада ядро қуролини синаш, ишлаб чиқариш ва жойлаштириш, унинг ҳудудида ва унга қарши ядро қуролини қўллаш тақиқланади. Ҳоз. пайтда Антарктидада, Лотин Америкаси, Тинч океаннинг жан. қисми ва Африкада Ядросиз зоналар мавжуд.

Шунингдек, Шим. Европа, Марказий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқда Ядросиз зоналар барпо этиш ғоялари бор. Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. Каримов БМТ Бош Ассамблеясининг 48сессиясида сўзлаган нутқида Марказий Осиёни Ядросиз зона деб эълон қилиш ташаббусини илгари сурди. И. Каримовнинг ЕҲХТнинг Лиссабон учрашувида сўзлаган нутқида (1996 йил дек.) бу фикр яна бир бор ўртага ташланди. 1997 йил 14—16 сентябрда Тошкентда «Марказий Осиё — ядро қуролидан холи зона» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда 56 мамлакатдан ва 16 халқаро ташкилотдан вакиллар иштирок этди. И. Каримовнинг ядровий хавфсизликни таъминлаш чоралари ҳақидаги фикрларини анжуман қатнашчилари қониқиш билан кутиб олдилар. Марказий Осиёда Ядросиз зона барпо этиш ҳақидаги Ўзбекистон ташаббуси БМТ ва жаҳон жамоатчилиги томонидан тўла қўллабқувватланмоқда. Бу таклиф БМТ Бош Ассамблеясининг сессияларида муҳокама этилиб, махсус резолюция қабул қилинган. Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш фақат минтақадагина эмас, балки жаҳонда ҳам тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сайфиддин Жўраев.

Loading...