ЯҲЁ

ЯҲЁ — Қуръонда зикри келган пайғамбарлардан бири. Библияда Иоанн Креститель (чўқинтирувчи) номи билан маълум. Закариёнинг ўғли. Яҳё ёшлигидан ибодатга берилган, Тавротдаги ҳукмларга астойдил амал қилган, ниҳоятда ҳалим ва камтар бўлган. Инжилдаги мифологияга кўра, Я. Исонинг яқин ўтмишдоши бўлган, Исони чўқинтирган. Исо худонинг элчиси эканини биринчи бўлиб олдиндан айтган, унга ишонган ва ёрдам берган. Одамларни Аллоҳнинг ягоналигига ишонишга, ёлғиз Унгагина ибодат қилишга даъват этган.

Яҳёнинг шаҳид бўлиши ҳақида бир қанча ривоят бор. Шулардан бирида айтилишича, у ниҳоятда келишган, чиройли бўлган. Подшоҳнинг хотинларидан бири уни яхши кўриб қолиб, ўз муҳаббатини изҳор этади. Лекин Яҳё аёлларга шаҳвоний муносабатда бўлмаслигини айтиб, маликага ҳеч қачон эрига хиёнат этмасликни насиҳат қилади. Яҳёнинг бу гапидан жаҳли чиққан аёл ўзининг сири ошкор бўлиб қолишидан қўрқиб подшоҳдан уни ўлдиришни талаб этади. Яҳё меҳробда ибодат қилиб турганида ўлдирилади. Бу ишга Парвардигорнинг қаҳри келган, подшоҳнинг бутун хонадонини ер ютган. Дамашқдаги умавийлар масжидида жойлашган Яҳё сағанаси мусулмонлар зиёратгоҳи саналади. Яҳёнинг тасвири рассомлик санъати ва ҳайкалтарошликда кенг тарқалган.

Prev Article

ЯҒМО