ЯККАБОҒ АДИРИ

ЯККАБОҒ АДИРИҲисор тизмасининг жан. ғарбий тармоқларидан Хонтахта, Бешнав, Эшакмайдон, Осмонтарош тоғларининг ғарбида (Қашқадарё вилоятида) жойлашган адир. Ғарбий чеккаси аллювиалпролювиал текислик билан қўшилиб кетган. Адир жан. ғарбдан шим. шарққа 50 км га чўзилган. Шим. дан Оқсув дарёси билан чегараланган. Баландлиги ғарбдан шарққа кўтарила боради ва 1400 м дан ортади. Танхоздарё ва Қизилдарёларнинг ирмоқлари, қуруқ соилар, жарликлар билан зич кесилган. Сувайирғич қисмлари баъзи жойларда текисланган юзалардан иборат. Тектоник жиҳатдан антиклиналь структура бўлиб, янги тектоник ҳаракатлар натижасида шаклланган. Палеоген, неоген ва тўртламчи давр конгломератлари, қумтошлари, қум аралаш шағал тошлар ва лёсслардан ташкил топган. Иқлими континентал, ёзи иссиқ, қуруқ. 400—500 мм дан зиёд ёғин тушади. Қор қопламининг қал. 5—7 см га етади. Бўз тупроқлар тарқалган, асосан, эфемер ва турли бута ўсимликлари ўсади, асосан, яйлов сифатида фойдаланилади.

Loading...