ЯЛЛИҒЛАНИШ

ЯЛЛИҒЛАНИШкасаллик қўзғатувчи зарарли омиллар (физ., кимёвий, биол.) таъсирига қарши организмнинг мураккаб маҳаллий номахсус ҳимоя реакцияси. Шикастланган соҳа Яллиғланиш реакцияси туфайли организмнинг соғлом тўқималаридан ажралиб қолади; у жойга қондан иммун ҳужайралар келиб, улар ҳар хил деструктив эффектларни ривожлантиради. Артериялар ва капиллярларнинг қон билан тўлиши Яллиғланиш ўчоғида қизариш ва гипертермияга, томирлар ўтказувчанлигининг ошиши шиш ва оғриққа сабаб бўлади (нерв охирига босим бўлганлиги ҳисобига). Лейкоцитлар миграцияси (биринчи навбатда, нейтрофилларнинг) ва уларнинг фаоллашиши атрофдаги тўқималарнинг цитолизи ва йиринг ҳосил бўлишига олиб келади. Яллиғланиш ўчоклари зарарли омилни бостирувчи асосий механизмларга фагоцитоз, ҳужайрадан ташқари цитолиз, номахсус контактли киллинг, ҳамда комплемент тизимининг цитолитик реакциялари ҳисобланган гуморал реакциялар киради. Шу билан бир вақтда Яллиғланиш маҳаллий ва умумий иммунитетининг ривожланишига туртки бўлади. Яллиғланиш организмнинг илк реакцияларидан бири ҳисобланиб, у организмни ёт жисмлардан ҳимоя қилиш ёки парчаланган ўз ҳужайраларидан тозалаш каби вазифаларни бажаради.

Яллиғланиш учта муҳим таркиб (компонент)дан: альтерация (ҳужайра ва тўқималарнинг шикастланишигача бўлган ўзгаришлари), экссудация (суюқлик ва қон ҳужайраларининг томирларидан чиқиши) ва пролиферация (ҳужайраларнинг кўпайиши ва тўқималарнинг ўсиб кетиши)дан ташкил топган. Яллиғланиш реакцияларининг ҳар қандай кўринишларида бу уч компонент албатта мавжуд бўлади. Улардан қайси бирининг устунлигига кўра, Яллиғланишнинг учта асосий — альтератив, экссудатив ва пролифератив шакли фарқ қилинади.

Альтератив Яллиғланиш кўпинча ички аъзолар (юрак, жигар, буйрак)да юзага келади. Яллиғланишнинг бу шакли баъзи бир аллергик реакциялар, кучли токсик (мас, патоген микроблар ажратадиган экзотоксин) модцалар таъсир этганда, аутоиммун жараёнларда вужудга келади.

Экссудатив Яллиғланиш бошқаларига нисбатан кўпроқ учрайди; Я. ўчоғида томирларнинг тавсифи ўзгариши ҳисобига томир деворининг ўтказувчанлиги ошади, натижада қоннинг суюқ қисми ва лейкоцитлар томирдан атрофдаги тўқимага чиқиб, Яллиғланиш ўчоғида тўпланади (бу суюқлик экссудат деб аталади). Агар экссудат деярли тиниқ ва таркибида 8% гача оқсил бўлса, сероз Яллиғланиш деб аталади. Экссудатда махсус оқсилларфибриноген кўп бўлса, фибриноз Яллиғланиш дейилади. Йирингли Яллиғланишда экссудатда жуда кўп миқдорда нобуд бўлган лейкоцитлар ва бошқалар бўлади.

Пролифератив Яллиғланиш ҳужайра элементларининг кўпайиши, тугунлар ҳосил бўлиши билан ифодаланади, бу захм, сил, тошмали терлама каби касалликларда кузатилади.

Яллиғланишнинг асосий белгилари (қизариш, қавариш, қизиш, оғриқ ва функциянинг бузилиши) юзада жойлашган аъзоларнинг ўткир Яллиғланиши учун хос, агар у ички аъзоларда вужудга келган бўлса, бу белгиларнинг ҳаммаси кузатилмаслиги ҳам мумкин. Одатда, Яллиғланишда организмда иситма, қонда лейкоцитлар сонининг кўпайиши (лейкоцитоз), моддалар алмашинувининг бузилиши, Яллиғланишнинг оғир шаклларида эса умумий интоксикациянинг ривожланиши каби реакпиялар пайдо бўлади.

Яллиғланиш ҳимоя, мосланиш реакцияси бўлсада, маълум шароитларда организм учун ҳаётий зарур тўқималарнинг шикастланишига олиб келади. Яллиғланишнинг оқибатлари ҳар хил, яллиғланган соҳа бутунлай тузалиб кетиши, баъзан тўқималарнинг талайгина қисмига путур етган бўлса, яллиғланган жой чандиқланиб қолиши ҳам мумкин. Агар Яллиғланиш ички аъзоларда бўлса, қўшни аъзоларни бир-бирига туташ жойларида битишма ҳосил бўлади, натижада шикастланган аъзо функцияси ўзгаради.

Яллиғланишнинг ҳар қандай кўринишида шифокорга мурожаат этиш ва унинг кўрсатмаларига амал қилиш лозим.

Loading...