ЯМАЛ НЕНЕЦЛАРИ МУХТОР ОКРУГИ

ЯМАЛ НЕНЕЦЛАРИ МУХТОР ОКРУГИ — РФ Тюмень вилояти таркибидаги мухтор округ. 1930 йил 10 дек. да ташкил этилган. Майд. 750,3 минг км2. Аҳолиси 507,4 минг киши (2002), асосан, руслар ва ненецлар, шунингдек, украин, татар, ханти, коми, селькуп, белорус, бошқирд ва бошқалар миллат вакиллари ҳам яшайди. Шаҳар аҳолиси 83,4%. Таркибида 7 маъмурий туман, 7 шаҳар, 8 шаҳарча бор. Маркази — Салехард шаҳри Бошқа йирик шаҳарлари — Ноябрьск, Новий Уренгой, Надим. Я. Н. м. о. Ғарбий Сибирь пасттекислигининг шим. қисмида жойлашган. Ямал, Таз ва Гидан я. о. лари ва Белий, Олений, Шокальский о. ларидан иборат. Округнинг ер юзаси пасттекислик (ўртача бал. 50—100 м), фақат ғарбида тоғлар (Қутбий Уралнинг шарқий ён бағри, энг баланд жойи — 1499 м, Пайер тоғи) бор. Округнинг кўпроқ қисми Қутбий доирадан ичкарида жойлашган. Иқлими кескин континентал, қаттиқ совуқ. Қиш 9 ой давом этади. Янв. нинг ўртача т-раси —22°, —26°, июлники 4°—14°. Йилига 200 — 400 мм ёғин тушади. Вегетация даври 50—100 кун. Йирик дарёлари: Обь (қуйи оқими), Надим, Пур, Таз, Полуй. Кўл кўп (йириклари: Ярато, Нитто, Ямбуто). Тундра, глейли, ботқоқ, глейлиподзол ва подзол тупроқлар хос. Ҳудудининг 3/4 қисми тундра ва ўрмонли тундра ўсимликлари билан қопланган. Тундрада ёввойи ҳайвонлардан: шим. буғуси, оқ қуён, бўри, колонок, олмахон ва бошқалар; қушлардан оқ ва тундра какликлари, карқур бор. Дарё ва кўллари балиққа бой. Округ ҳудудида Юқори Таз қўриқхонаси жойлашган.

Хўжалигининг асосий тармоқлари — газ ва нефть қазиб олиш, балиқ овлаш; ўрмон ва ёғочсозлик, қурилиш саноатлари ривожланган. Буғучилик, даррандачилик ва мўйнали ҳайвонларни овлаш билан шуғулланилади. Салехард балиқни қайта ишлаш кти, «Ноябрьскнефтегаз», «Пурнефтегаз», «Уренгойгазпром», «Ямбурггаздобьтча» ва бошқалар корхоналар ишлаб турибди. Денгиз ҳайвонларини овлаш базаси, ёғочсозлик кти, тахта ортиш тушириш базаси бор. Я. Н. м. о. буғучилик бўйича Чукоткадан кейин 2-ўринда туради. Округ оқ тулки, тийин, ондатра мўйналарини; дйррандачилик фермалари эса қора тулки, кўк тулки, норка мўйналарини етиштириб беради. Қорамол боқилади. Картошка, карам етиштирилади. Асосий транспорт тури — сув транспорти. Обь дарёси ва унинг ирмоқлари Таз, Пур ва Обь қўлтиқчасида мунтазам кема қатнайди. Лабитнанги посёлкасидан Урал орқали Сейда ст-ясигача т. й. линияси (умумий уз. 495 км) ўтган. Қаттиқ қопламали йўллар уз. 851 км. Узоқ туманларида буғучилик транспорти ривожланган.

Loading...