ЯМИН

ЯМИН Муҳаммад (1903.23.8, Савахлунто, Суматра — 1962.17.10, Жакарта) — индонез ёзувчиси ва сиёсий арбоби. Янги индонез шеърияти ва драматургияси асосчиларидан. Индонез шеъриятига сонет шаклини олиб кирган. 1919 йилдан ёшлар ҳаракати ва бир қатор радикал партиялар фаолиятида иштирок этган. Индонезияда мустақиллик эълон қилингач (1945), парламент аъзоси, адлия ва маориф вазири. Асарларида индонез халқини миллий бирдамликка ва мамлакатни қайтадан тиклашга даъват этган («Индонезия — менинг ватаним» шеърлар тўплами, 1929; «Кен Арок ва Кен Дедес» драмаси, 1934 ва бошқалар). Шекспир, Тагор асарларини индонез тилига таржима қилган. 2-жаҳон урушидан сўнг тарихий, сиёсий ва иқтисодий мавзуларда асарлар яратган.

Ад.: Сикорский В., Индонезийская литература, М., 1965.

Loading...