ЯНТОҚ

ЯНТОҚ ( — дуккакдошлар оиласига мансуб кўп йиллик бегона ўтлар туркуми. Ўрта Осиёнинг дашт, чўл, чала чўлларида ҳамда Россиянинг Европа қисмидаги чала чўл р-нларида 5 тури маълум. Ўзбекистонда Янтоқнинг сохта янтоқ ва қирғиз янтоғи тури ўсади. Бўйи 40—110 см, тик, сершох, илдизи кучли ривожланган, ер ости сувларигача етиб боради (10 м ва ундан ортиқ) . Барг қўлтиғида қаттиқ тиканлари бор. Барглари чўзиқ, наштарсимон, барг банди калта, кетмакет жойлашган. Гуллари майда, қизил ёки пушти. Май — сентябрда гуллайди, авг. — октябр ойларида уруғлайди. Меваси 10 тагача уруғ бўлган дуккак. Я. нинг ер усти қисми қишда қуриб қолади, баҳорда илдиз бўғзидаги куртаклардан янги поялар ўсиб чиқади. Уруғи ва илдиз бачкиларидан кўпаяди. Уруғи пўстлоғи қаттиқ бўлганлиги туфайли жуда секин унади. Янтоқнинг ҳамма тури туячилик ва қўйчиликда яхши озуқа ҳисобланади. Гули ва илдизидан халқ табобатида турли дамламалар тайёрланади. Янтоқдан юқори сифатли емхашак, силос ва озиқ уни олинади. Янтоқ яхши асал берувчи ўсимлик. Дарахтсиз чўлларда Янтоқдан ўтин сифатида фойдаланилади. Суғориладиган ерларда, йўл, ариқ, каналлар бўйларида, ташландиқ ерларда, экинзорларда бегона ўт сифатида ўсади.

Кураш чоралари: алмашлаб экиш, ерни чуқурроқ ҳайдаш, иддизпояларни йиғиб олиш, далаларга чириган гўнг солиш ва бошқалар

Loading...