ЯНЦЗИ

ЯНЦЗИ, Чанцзян, Янцзицзян, Кўк дарё — Евросиё материгидаги энг узун ва серсув дарё, Хитойда. Уз. 5800 км, ҳавзасининг майд. 1808,5 минг км2. Тибет тоғлигидан, 5300 м баландликдаги музликлардан бошланади ва дельта ҳосил қилиб (майд. 80 минг км2) Шарқий Хитой денгизига қуйилади. СинаТибет тоғларида чуқур даралардан шаршара ва остоналар ҳосил қилиб оқади. Бу қисмида оқим тезлиги катта. Дарё ўрта оқимида Сичуань сойлиги ва бурмали тизмаларни кесиб ўтган. Кенглиги 300— 600 м, даралардан ўтган жойида 120— 200 м, чуқ. 80—110 м. Қуйи қисмида Цзянхань текислиги ва Буюк Хитой текислигининг жан. қисмидан оқади. Бу қисмида дарё бир неча тармокларга бўлиниб, кенглиги 2 км гача етади. Ўзани қинғирқийшиқ, орол ва саёз жойлари кўп. Асосий ирмоқлари: Ялунцзян, Миньцзян, Цзялинцзян, Ханьшуй. Дарё водийсида кўл кўп. Дуньтинху ва Поянху кўллари дарё суви оқимини тартибга солиб туради. Ўртача сув сарфи 34 минг м3/сек., режими муссонли, ёз ойларида текислик қисмида сув сатҳи 10 м гача қўтарилади. Дарё қуйилишидан 700 км масофагача денгиз суви кўтарилиши сезилади. Янцзи ҳар йили унинг сувига сарғиш ранг берувчи 280—300 млн. т лойқа оқизиб келтиради (европаликлар берган «Кўк дарё» номи ҳақиқатга яқин эмас). Дарёдан шолипояларни суғоришда кенг фойдаланилади. Сув тақсимловчи иншоотлар ва сув омборлари қурилган. Янцзи — Хитойнинг энг муҳим сув йўли. СинаТибет тоғлари этагидан 2850 км масофада кема қатнайди. Ухань шаҳригача денгиз кемалари кира олади. Дарё ҳавзасидаги сув йўлларининг умумий уз. 17 минг км. Янцзи бўйида Чунцин, Ухань, Нанкин, дельтасида Шаньхай шаҳрилари жойлашган.

Loading...