ЯПОН ДЕНГИЗИ

ЯПОН ДЕНГИЗИ — Тинч океаннинг ярим берк денгизи. Евросиё материги билан Сахалин ва Япон о. лари ўртасида. Бўғозлар орқали шим. да Охота денгизи, шарқда Тинч океан, жан. да Шарқий Хитой денгизи билан туташган. Майд. 1062 минг км2. Энг чуқур жойи 3720 м. Соҳиллари баланд, тик ён бағирли, кам парчаланган. Йирик қўлтикдари: Шарқий Хитой ва Буюк Петр. Денгиз тубининг рельефи сойлик. Марказий қисмида Ямато қири бор. Иқлими мўътадил, муссонли иқлим. Қишда шим. ғарбий совуқ шамол эсиб туради. Май. ойидан октябргача тайфунлар, баҳор ва ёзда туманли кунлар бўлиб туради. Юза оқимлар циклонал айланма йўналишда ҳаракат қилади. Сувининг юза қатламида т-ра қишда шим. да 0°дан жан. да 12° гача, ёз ойларида 17° дан 26° гача. Шим. қисмидаги материкка ёндош сувлари қишда музлайди. Шўрлиги 27,5%о дан 34,8%с гача. Сувининг ранги яшил, яшилкўк. Сув сатҳининг кўтарилиши суткалик (бал. 0,5 м гача), Татар бўғозида 2,3 м гача. Денгизнинг ўсимлик дунёси гулли ўсимлик ва сувўтлардан иборат. Сувўтларнинг айрим турларидан хўжаликда фойдаланилади. Ҳайвонот дунёси шим. қисмида совуқ сувда яшашга мослашган (сельд, треска, навага, лососсимонлар, камбала ва бошқалар), жан. да илиқ сувда яшовчилар (скумбрия, тунецлар, илонбалиқ)дан иборат. Денгизда кўплаб балиқ ва денгиз ҳайвонлари овланади. Япон денгизи муҳим транспорт аҳамиятига эга. Асосий портлари: Владивосток, Находка (Россия), Ниигата, Цуруга (Япония), Вонсан, Хиннам, Чхонжин (КХДР) ва бошқалар.

Loading...