ЯПОНИЯ

ЯПОНИЯ (японча Ниппон, Нихон) — Шарқий Осиёда, Тинч океандаги оролларда жойлашган давлат. Я. ҳудудида 6,8 мингга яқин орол бўлиб, шим. шарқдан жан. ғарбга қарийб 3,5 минг км га чўзилган; энг йирик ороллари: Хоккайдо, Хонсю, Секоку ва Кюсю. Шим. дан Охота денгизи, шарқ ва жан. шарқдан Тинч океан, ғарбдан Япон ва ШарқийХитой денгизлари билан ўралган. Майд. 377,8 минг км2. Аҳолиси 127,8 млн. киши (2004). Пойтахти — Токио шаҳри Япония маъмурий жиҳатдан 47 префектурага бўлинади.

Давлат тузуми. Япония — конституциявий монархия. Амалдаги конституцияси 1947 йил 3 майда кучга кирган (кейинчалик тузатишлар киритилган). Давлат бошлиғиимператор (1989 йилдан Акихито). Конституциянинг 1-моддасига кўра, у «давлат ва халқ бирлиги рамзи»дир. Император оиласининг эр аъзолари императорлик тахти учун меросхўр ҳисобланади. Конституцияга мувофиқ, император мустақил ҳокимиятга эга эмас. Императорнинг давлат ишларига алоқадор бўлган ҳар қандай фаолияти Вазирлар маҳкамаси маслаҳати ва маъқуллаши билан амалга оширилади. Қонун чиқарувчи олий ҳокимиятни 2 палатали парламент (Вакиллар палатаси ва Маслаҳатчилар палатаси), ижроия ҳокимиятни Бош вазир бошчилигидаги ҳукумат (Вазирлар маҳкамаси) амалга оширади.

Табиати. Япония мўътадил, субтропик ва тропик минтақаларда жойлашган. Қирғоқ чизиғининг умумий уз. 30 минг км га яқин. Хонсю о. нинг жан. соҳили, Секоку ва Кюсю о. ларининг қирғоқларида қўлтиқ кўп; бу ерда мураккаб қирғоқ чизиғига эга бўлган Ички Япон денгизи жойлашган. Рюкюнинг жан. ороллари маржон рифлари билан ўралган.

Япония ҳудудининг 3/4 қисми қир ва тоғлардан иборат; пасттекисликлар соҳил бўйлаб айримайрим жойлашган. Хоккайдо о. даги тизмаларнинг баъзи чўққилари 2000 м дан ошади (Асахи чўққиси — 2290 м). Хонсю о. нинг шим. қисмида 3 та бўйлама тоғ тизмалари бўлиб, улар водий ва сойликлар билан бўлинган; оролда бир қанча вулкан, жумладан, Япония даги энг баланд вулканФудзияма (бал. 3776 м) қад кўтарган. Хонсю о. нинг марказий қисмидаги тизмаларнинг чўққилари альп цельефли ва йилнинг кўп қисмида қор билан қопланиб туради. Секоку о. нинг энг баланд жойи 1981 м (Исидзути чўққиси), Кюсю о. ники 1788 м (Кудзю вулкани). Япония ҳудуди кучли сейсмик зонада жойлашган (1855, 1891, 1897, 1923, 1995 йилларда фалокатли зилзилалар бўлган). Япония даги 150 вулкандан 40 тачаси сўнмаган. Вулканли р-нларда минерал ва термал булоклар кўп. 26 мингдан ортиқ иссиқ сув манбалари бор. Фойдали қазилмалардан кўмир, газ, темир рудаси, олтингугурт, марганец, қўрғошинрух, мис рудалари нефть, хромит, олтин, кумуш, пирит, каолин, тальк ва симоб конлари мавжуд.

Иқлими муссонли, шим. да мўътадил, жан. да субтропик, Рюкю о. ларида асосан тропик икдим. Хоккайдо о. да, Саппорода янв. нинг ўртача т-раси —5°, июлники 22°, Окинавада янв. нинг ўртача т-раси 16°, июлники 28°. Материкдан эсган қишки муссон Япония ҳудудига совуқ ҳаво олиб келади ва кўп ёғин келтиради. Йилига 30 мартагача тайфун бўлади; бу вақтда кучли шамол эсиб, жала қуяди, ўртача йиллик ёғин 1800 мм; Хоккайдо о. нинг шарқида йиллик ёғин 800—1200 мм, Секоку ва Кюсю о. ларида 3000 мм, баъзи жойларда 4000 мм гача.

Япониянинг дарёлари қисқа, серсув ва тез оқади. 24 та энг катта дарёсидан фақат 6 тасининг уз. 200 км дан ошади, жумладан, Синано дарёсининг уз. 367 км. Тайфун вақтида дарёлар тошади. Кўпгина дарёларнинг суви суғоришга ва гидроэнергия ресурслари сифатида сарфланади. Майда кўл кўп ва улар ичимлик суви манбаи бўлиб хизмат қилади. Энг катта кўл — Бива (майд. 670,2 км2, чуқ. 103,8 м).

Тупроқлари шим. да подзол ва ўтлоқиботқоқ, жан. да қўнғир ўрмон, субтропик ва тропикларда сариқ ва қизил тупроқ. Текисликларда аллювиал тупроқлар тарқалган. Япония ҳудудининг 67% ўрмон ва бутазорлардан иборат; ўрмонларининг 41,4% экиб ўстирилган. Жами 700 турдан кўп дарахт ва бута ҳамда 5599 тур ўт ўсимлиги ўсади. Эндемик ўсимлик кўп. Ўрмонлар, асосан, игна баргли ва кенг баргли дарахтлардан иборат.

Японияда сут эмизувчи ҳайвонларнинг 132 тури, қушларнинг 490 тури, судралиб юрувчиларнинг 110 тури мавжуд. Япония қирғоқларига туташ денгиз сувларида балиқларнинг 3000 га яқин тури, моллюскаларнинг 1200 дан ортиқ тури яшайди.

Аҳолисининг 99% дан кўпи японлар. Хоккайдо о. да мамлакатнинг энг қадимий аҳолиси — айнлар (50 минг киши атрофида) сақланиб қолган. Шунингдек, корейс, хитой ва бошқалар яшайди. Расмий тиляпон тили. Асосий динлари — синтоизм ва буддизм; конфуцийлик ва даосизм ақидалари катта таъсирга эга. Христианлик, ислом ва ҳиндуизмга эътиқод қилувчилар ҳам мавжуд. Христианлик 16-аср ўрталаридан, ислом 19-аср охиридан кириб борган; христианлар 1,5 млн. га яқин, мусулмонлар 100 минг киши чамасида. 1935 йил Токио ва Кобе шаҳриларида дастлабки масжидлар қурилган. 1956 йилдан Япония мусулмонлар уюшмаси ва 1966 йилдан Япония ислом маркази мавжуд. Аҳолининг 77% шаҳарларда яшайди (2002). Йирик шаҳарлари: Токио, Йокохама, Осака, Нагоя, Саппоро, Кобе, Киото.

Тарихи. Япония ҳудудида қадимий одам излари палеолит даврига оид. Тахм. мил. ав. 8000—300 йилларда неолит даври маданияти — дзёмон (идишларга битилган ипсимон нақшларга қараб номланган) мавжуд бўлган. Ўша давр моддий ёдгорликларини ўрганиш Япониянинг қадимий аҳолиси, асосан, Жанубий Шарқий Осиёдан кириб борганини кўрсатади. Мил. ав. 2-минг йиллик мобайнида жан. мўғул типидаги қабилалар келган. Мил. ав. 1 минг йиллик арафасида Японияда асосий қисмини айнлар ташкил этган этник аҳоли таркиб топди. Мил. ав. 5—4-асрларда деҳқончилик, чорвачилик ривожланган, металл қуроллар қўлланилган. Мил. нинг бошларида ижтимоий табақаланиш кучайди; қулчилик пайдо бўлди. 4-аср ўрталарида ташкил топган йирик қабилалар иттифоқи — Ямато асосида илк япон давлати таркиб топди. 5-асрдан иероглиф ёзуви, 6-асрдан буддизм тарқалди. Ямато ҳукмдорлари ташқи алоқаларда «тэнно» унвонини қўллай бошлаган. Бу унвон ҳозиргача ҳам сақланган ва Европа тилларига «император» сўзи билан таржима қилинади. 646 йил ер давлат мулки деб эълон қилинди, аҳоли эса давлат чек ерлари эгасига айланди. Ярим эркин деҳқонлар зодагонга қарам деҳқонлар билан тенглаштирилди. Хитойдаги Тан давлати типида марказий маъмурият тузилди. 710 йилда биринчи доимий пойтахт — Нара қурилди, 794 йилда пойтахт Киото (Хэйан)га кўчирилди. 8-асрда мамлакат жан. даги австронезларнинг сингдирилиши натижасида япон миллати шаклланди. 10-асрда давлат чек ер эгалиги тизими барҳам топиб, аслзода ва ибодатхоналарнинг ермулклари (сёэн) ерга эгаликнинг асосий шаклига айланди. 11-асрдан сардорлар бошчилигида ҳарбий зодагонлар гуруҳлари ташкил топа бошлади. 12-асрнинг ўрталарида Хонсюдан шим. шарқда Минамото, жан. ғарбда Тайра улардан энг йириги эди. Бу хонадонларнинг ўзаро кураши 1185 йилда Тайранинг мағлубияти билан тугади. 1192 йилда шим. шарқликлар ўз сардорлари Ёритомо Минамотони сёгун (саркарда) унвони билан давлатнинг ҳукмдори деб эълон қилдилар. Император сулоласи сёгунлар ҳукмронлигини халқ олдида қонуний бўлишини кафолатлаб туриш учун номигагина саклаб қолинди. Қароргоҳи Камакура шаҳрида жойлашган сёгунларга ҳарбийлар табақаси (буси) ва шахсий вассаллар (улар маъмурий мансабларни эгалладилар) асосий таянч бўлди. Буси табақасининг қуйи қисми майда ҳарбий дворянлар — самурайлардан иборат эди. Хитой ва Кореяни забт этган мўғуллар 1274 ва 1281 йилларда Японияга қарши экспедициялар уюштирдилар, лекин бу юришлар муваффақиятсиз чиқди. Денгизда пайдо бўлган кучли тайфун мўғул қўшинларини ҳалок қилди. Япония тарихида бу тайфун «камикадзе» («илоҳий шамол») номини одди. 13-асрдан савдо ва ҳунармандчилик корпорациялари (дза) сони орта бошлади. 14—16-асрларда сёэндан йирик заминдорлик — князликка ўтилди. 15—16-асрларда деярли узлуксиз деҳқонлар қўзғолонлари бўлиб турди. 1485—93 йилларда бўлиб ўтган Ямасиро қўзғолони улардан энг йириги эди. 15—16-асрларда Япония билан Хитой ва Корея ўртасида савдосотиқ авж олди. 16-асрнинг ўрталаридан Японияга кириб келган европалик миссионерлар христианликни тарқата бошладилар. 1603 йил Иэясу Токугава (1542—1616) сёгун деб эълон қилинди ва унинг қароргоҳи Эдо (ҳоз. Токио)га кўчирилди. Токугава сёгунлари сулосаси мамлакатни 1867 йилгача бошқарди. Уларнинг ҳукмронлиги даврида Япония марказлашган монархия давлатига айланди. Ҳукумат қатъий қоидалар билан 4 табақа тизими (самурай, деҳқон, ҳунарманд ва савдогарлар) ни ўрнатди. Токугава ҳукуматининг европаликлар экспансияси ва христианлик халқ ҳаракатининг мафкурасига айланаётганлигига қарши қатор тадбирларни кўриши натижасида Япония қарийб 2,5 аср мобайнида «ёпиқ» давлатга айланди. Шу йўл билан мамлакат мустамлака бўлишдан сақланиб қолди. 17-аср охири — 18-аср бошлари Токугавалар Японияси учун энг юксалиш даври бўдди. Бу даврда аҳолининг саводхонлик даражаси жаҳон миқёсида ҳам илғор ўринга чиқди. 18-аср охири — 19-асрнинг 1-ярмида мануфактуралар пайдо бўла бошлади. 1854—58 йилларда АҚШ, Буюк Британия, Франция билан тузилган Ансэй шартномаларига кўра, Япония ўз ҳолича ажралиб яшаш сиёсатидан воз кечишга мажбур бўдди ва суверенитети чекланган ҳолда жаҳон бозорига қўшилди. 1867—68 йилларда Японияда деҳқонлар, шаҳар камбағаллари, савдосаноат корчалонлари, дворянларнинг қуйи табақалари, сарой аслзодалари ва мухолифатдаги баъзи йирик зодагонлардан иборат кенг омма сёгунларга қарши чиқди. Натижада буржуа инқилоби — Мейдзи исин содир бўлди, сёгун ҳукумати ағдарилди ва ҳокимият император Муцухито (1867—1912 йларда ҳукмронлик қилган) қўлига ўтди. Шу даврдан бошлаб Япония император ва унинг ҳукумати бошчилигида туб ижтимоийсиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар йўлига ўтиб, тезлашган модернизация орқали ғарб давлатлари даражасига етишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

1869 йилда пойтахт расман Токиога кўчирилди. 1871—72 йилларда князликлар тугатилиб, ўрнига префектуралар ташкил этилди, аввалги 4 табақа ўрнига 3 табақа [олий дворянлар (собиқ зодагон князлар, сарой аслзодалари), дворянлар (барча собиқ самурайлар), оддий халқ (бунга савдосаноат корчалонлари ҳам киритилди)] таъсис этилди. Барча табақаларнинг тенглиги, касб танлаш ва мамлакат бўйлаб кўчиб юриш эркинлиги ҳақида қонунлар қабул қилинди. 1872 —73 йилларда ўтказилган ер ислоҳотидан кейин ер, асосан, дворян ер эгалари ва бой деҳқонлар қўлига ўтди. 1873 йилдан мамлакатда йил санасини белгилашда император ҳукмронлик қилган давр номи билан бир қаторда григорий календари ҳам жорий этилди. 1879 йил биринчи сиёсий партия тузилди. 1868—85 йилларда хусусий сармоя ёрдамида қ. х. хом ашёсига ишлов берадиган 1300 корхона қурилди. 1889 йил императорга мутлақ ваколатлар берувчи конституция қабул қилинди, 1890 йилда парламент таъсис этилди.

19-аср охири — 20-аср бошларида Япониянинг ҳукмрон доиралари агрессив ташқи сиёсат тута бошлаб, 1894 йилда Кореяда қўтарилган деҳқонлар қўзголонини бостириш ниқоби остида у ерга қўшин юборди ва Хитой билан бўлган уруш (1894—95) натижасида Тайвань ва Пэнхуледао о. ларини, русяпон уруши (1904—05) оқибатида эса Шим. Сахалинни эгаллади. Япония ва Буюк Британия ўртасида 1902, 1905 ва 1911 йилларда имзоланган шартномалар асосида ўзаро ҳамкорлик ҳарбий-сиёсий иттифоқ даражасига қўгарилди ва икки томон Корея ҳамда Хитойда ўз мавқеларини янада мустаҳкамлади. 1910 йил авг. да Я. Кореяни ўз мустамлакасига айлантирди. Япон монополиялари Жанубий Манжурияни, кейинроқ Хитойнинг бошқа р-нларини ўз таъсир доирасига киритди.

1-жаҳон уруши бошланишидан Япония ҳукмрон доиралари Узоқ Шарқдаги ўз мавқеларини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун фойдаландилар. 1914 йил 23 авг. да Я. Германияга қарши уруш очди ва октябрда Германияга қарашли Маршалл, Мариана, Каролина о. ларини, шунингдек, Хитойнинг Шанъдун провинциясини у ерда Германия ижарага олган ҳудуд билан бирга босиб олди. Япониянинг мустамлакачилик сиёсати кучайиб 1918—22 йилларда Узоқ Шарқдаги Россияга қарашли бир қанча ўлкаларни ишғол этиб турди. 1920 йилдан Япония иқтисодиётида тушкунлик бошланиб, у 1925 йилгача давом этди. 1925 йил 20 янв. дан Япония билан собиқ СССР ўртасида ўзаро муносабатларнинг асосий тамойиллари тўғрисида Пекин конвенцияси имзоланди. 1926 йил 25 дек. да Япония тахтига император Хирохито (1901—89) ўтирди. 1929—33 йилларда бўлган жаҳон иқтисодий инқирози натижасида вужудга келган ҳолатда Японияда ҳарбийфашистик диктатура ўрнатишга интилувчи ўта реакцион «ёш офицерлар» гуруҳи фаоллашди. 1931 йил Я. Манжурияни босиб олишга киришди. 1933—36 йилларда Хитойга қарши агрессияни кучайтирди. 1936 йил 25 нояб. да Япония фашистлар Германияси билан «Антикоминтерн пакти»ни имзолади. 1937 йил июлда Хитойни босиб олиш учун уруш бошлади ва 1938 йил унинг бутун шарқий қисмини босиб олди. Япония қўшинлари шўро армияси томонидан Ҳасан кўли ёнида (1938) ва ХалхинГол жанги (1939)да тормор келтирилгач, Япония ҳукумати Европа давлатлари ва АҚШ нинг Жанубий Шарқий Осиёдаги мустамлакаларига ҳужум қилишга ўтди. 1940 йил Ҳиндихитойнинг шим. қисмини босиб олди. Шу йил 27 сентябрда Германия, Италия ва Япония ўртасида «Учлар пакти» имзоланди. 2-жаҳон урушида Германия ва Италия иттифоқчиси сифатида қатнашди.

1941 йил 7 дек. да Япония АҚШнинг ПёрлХарбордаги ҳарбий базасига ҳужум қилиши билан 2-жаҳон урушига кирди. 1942 йил Япония империяси Буюк Британия ва Франциянинг Жанубий Шарқий Осиёдаги кўплаб мустамлакаларини эгаллаб улкан ҳудудни ўз назоратига олди. Аммо 1943 йилдан эгаллаган ҳудудларини йўқота бошлади. 1945 йил АҚШ ҳарбийҳаво кучлари Япониянинг Хиросима (6 авг.) ва Нагасаки (9 авг.) шаҳриларига атом бомбаси ташлади. Совет ҳукумати 1945 йил 9 авг. да Японияга қарши Манжурия стратегик операциясини бошлади. 1945 йил 2 сентябрда Япония сўзсиз таслим бўлганлиги тўғрисидаги актга имзо чекди ва унинг ҳудудини иттифоқчилар номидан АҚШ қўшинлари оккупация қилди. 1946—48 йилларда бўлиб ўтган Токио суд жараёнида асосий япон ҳарбий жиноятчилари жазога тортилди.

Урушдан сўнг Японияда туб сиёсий ва ижтимоийиқгисодий ислоҳотлар ўтказилиб, қуролли кучлар ва ўнг ташкилотлар тарқатиб юборилди, дворян ер эгалиги тугатилди, аввалги монополистик концернлар қайта ташкил этилди. 1947 йилги конституцияга биноан мамлакат халқаро можароларни қурол кучи билан ҳал қилишдан ва шу мақсадда қуролли кучлар тузишдан воз кечди.

1951 йил 8 сентябрда Япония билан АҚШ, Буюк Британия, Франция ва бошқалар давлатлар ўртасида СанФранциско сулҳ шартномаси имзоланиб, мамлакат суверенитети тикланди ҳамда Япония босиб олган барча мустамлакаларидан воз кечди. Шу йили Япония билан АҚШ ўртасида имзоланган хавфсизликни кафолатлаш тўғрисидаги шартномага кўра, Японияда АҚШ ҳарбий базалари жойлаштирилди. 1956 йил 19 октябрда СССР билан Япония ўртасида уруш ҳолатига барҳам бериш, дипломатия муносабатларини тиклаш тўғрисида қўшма баёнот имзоланди.

1950-й. лар бошидан Япония иқтисодиёти тез суръатлар билан ривожланди. 1960-й. ларнинг охирига келиб «япон мўъжизаси» атамаси пайдо бўлди ва у ялпи миллий маҳсулот ва саноат ишлаб чиқариш ҳажми бўйича капиталистик дунёда 2-ўринга чиқди. 1990-й. ларда Япония жаҳон миқёсидаги энг катта сармоядор давлатга айланди. Япония — 1956 йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 23 дек. — император туғилган кун (1933). ЎзР суверенитетини 1991 йил 28 дек. да тан олган ва 1992 йил 26 янв. да дипломатия муносабатларини ўрнатган.

Сиёсий партия ва касаба уюшмалари. Либералдемократик партия, 1955 йил асос солинган; Япония демократик партияси, 1996 йил тузилган; Янги Комейто партияси, 1964 йил ташкил этилган; Я. Социалдемократик партияси, 1945 йил асос солинган; Я. Коммунистик партияси, 1922 йил ташкил этилган; Янги консерватив партия, 2002 йил тузилган. Япония касаба уюшмалари конфедерацияси — Синрэнго, 1989 йил 21 нояб. да Япония касаба уюшмалари Бош кенгаши (1950 йил тузилган) ва Умумяпон хусусий корхоналар ходимлари касаба уюшмаси (1987 йил ташкил этилган)нинг қўшилиши натижасида тузилган.

Хўжалиги. Япония — иқтисодий қудрати бўйича жаҳонда АҚШдан кейинги ўринда турадиган юксак даражада ривожланган индустриалаграр мамлакат. Саноат ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми бўйича жаҳонда олдинги ўринлардан бирини эгаллайди. Улкан корхоналар билан бирга майда корхоналар ҳам мавжуд (айниқса, енгил ва озиқ-овқат саноатида). Япония иқтисодиёти четдан келтириладиган хом ашё ва ёқилғига асосланган. Япония жаҳон бозорига саноатнинг фанга асосланган мураккаб тармоқлари маҳсулотлари, замонавий конструкцион материаллар етказиб берувчи мамлакат. Япония жаҳон ялпи миллий маҳсулотининг 13% дан ортиғини ишлаб чиқариш билан бирга, йирик халқаро иқтисодий, савдо ва молия ташкилотлари ҳамда «саккизлик» давлатларида етакчи мавқега эга. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 38%, қишлоқ, ўрмон хўжалиги ва балиқ овлашники 2%, хизмат кўрсатиш тармоғиники 60% ни ташкил этади. Ялпи ички маҳсулоти 4,3 триллион АҚШ долларига тенг (2003).

Саноатида иқтисодий фаол аҳолининг 25% банд. Энергетика, металлургия, автомобилсозлик, кемасозлик, кимё, нефть кимёси, қурилиш материаллари саноати каби таянч тармоқлар четдан олинадиган хом ашё ҳамда технологиянинг энг янги ютуқлари асосида деярли бутунлай янгидан барпо этилди. Энергетика саноати ҳам асосан, четдан келтирилган нефтга асосланган. Йилига ўртача 1,097 триллион кВтсоат электр энергия ҳосил қилинади; унинг 706,4 млрд. кВтсоати иссиқлик электр ст-яларида, 91,8 млрд. кВтсоати ГЭСларда, 295 млрд. кВтсоати атом электр ст-яларига тўғри келади (2002). 2003 йил 52 атом электр ст-яси ишлади. И. ч. саноатида қора ва рангли металлургия ривожланган. Кон саноатида кўмир, газ, темир ва мис рудаси, пирит, рух, қўрғошинрух, марганец, кумуш, олтин, симоб, каолин, тальк ва ҳ. к. қазиб олинади. Машинасозлик ва кимё саноати юксак тараққий этган. Автомобиллар, маиший техника, электрон асбоблар, алоқа воситалари, кема, пўлат, цемент, пластмасса, синтетик тола, робот ишлаб чиқариш, нефтни қайта ишлаш, биотехнология мамлакат иқтисодий тараққиётининг устувор тармоқларидандир. Япония саноати 4 асосий р-н: Кейхин (Токио, Канагава), Тюкё (Айти, Миэ), Хансин (Осака, Хиого), КитаКюсю (Фукуока)га бўлинган. Мазкур р-нларда жами саноат маҳсулотининг 40% дан ортиғи ишлаб чиқарилади.

Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик бўйича дунёда олдинги ўринлардан бирида бўлиб, у юқори даражада механизациялашган ва автоматлаштирилган. Иқтисодий фаол аҳолининг 4,2% қ. х. да банд. Ҳудудининг 12,9% ёки 4,8 млн. гектарида деҳқончилик қилинади. Деҳқончиликда асосий экин — шоли (2002 йил 11 млн. т шоли етиштирилган). Шунингдек, картошка, сабзавот, оз миқдорда буғдой ва дуккакли дон экинлари экилади. Мевачилик, боғдорчилик, чорбоғ хўжалиги ривожланган. Чорвачиликда қорамол, чўчқа, парранда боқилади; пиллачилик ва балиқчилик ривожланган. Японияда 3000 дан ортиқ балиқ овлаш портлари бўлиб, дунё бўйича овланадиган балиқ ва денгиз жониворларининг 15% шу портларга тўғри келади.

Транспорти. Ички юк айланмасида автомобиль транспортининг роли катта (йилига ўртача 5,5 млрд. тонна юк ташилади). Умумий ва экспресс йўлларнинг уз. 1,2 млн. км, шу жумладан, 4,4 минг км тезюрар магистраллар. Т. й. ларнинг узунлиги 43,7 минг км. Деярли 1/2 қисми электрлаштирилган. 1964 йилдан тезлиги соатига 270 км гача етадиган «Синкансэн» поездлари ҳаракати йўлга қўйилган. 9 шаҳардаги метрополитеннинг уз. 540 км. Японияда сув ости ва ер усти туннеллари ва кўприклар кўп. Дунёда энг катта Сейкан туннели (53,9 км) Хонсю ва Хоккайдо о. ларини бирлаштиради. Ички сув йўлларининг уз. 1770 км га яқин. Денгиз савдо флоти 5473 кемага эга ва унинг умумий тоннажи 40 млн. брутто рег. тоннага етади. Асосий портлари — Кобе, Тиба, Йокохама, Нагоя, Осака, Кавасаки, Токио, Хакодате. Токио, Осака, Ниигата шаҳри яқинида халқаро аэропортлар бор. Мамлактда нефть қувурлари 400 км дан зиёд, газ қувурлари 1800 км.

Ташқи савдоси. Япония четга машина ва ускуналар, металл буюмлар, электроника, кимё маҳсулотлари, электр асбоблар чиқаради; четдан саноат хом ашёси, минерал ёқилғи, озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотлари олади. 2003 йил Япониянинг импорти 383,3 млрд. АҚШ долларини, экспорти 417,8 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Ташқи савдода АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда Жанубий ва Жанубий Шарқий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилади. Хорижий сайёҳлик ривожланган. Пул бирлигииена.

Тиббий хизмати. Аҳоли саломатлигининг кўрсаткичлари бўйича Япония жаҳонда етакчи ўринда туради. 2001 йил 1,85 млн. ўринли 167,5 минг шифохона ва поликлиника бўлган (ҳар 100 минг аҳолига 1458 ўрин). Японияда 255,7 минг врач, 90,8 минг тиш врачи, 217,4 минг фармацевт фаолият олиб боради. Ҳар 100 минг кишига 201,5 врач тўғри келади. Японияда ўз иссиқ сув манбаларига эга бўлган 3023 курорт бор.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Японияда маориф тизими Маориф, маданият, спорт, фан ва технология вазирлиги ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан мувофиклаштириб турилади. Мактабгача тарбия болалар боғчаларида (8389 хусусий боғчада 1,4 млн., 5785 давлат боғчасида 367,8 минг тарбияланувчи) амалга оширилади. 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар учун ўқиш мажбурий ва бепул. Таълимнинг биринчи босқичи 6 йиллик бошланғич мактаб (2003 йил 23,6 минг мактабда 7,2 млн. ўқувчи). Иккинчи босқич 3 йиллиқ кичик ўрта мактаб (2003 йил 11,1 минг мактабда 3,74 млн. ўқувчи). 16—18 ёшли болалар 3 йиллик катта ўрта мактаб (2003 йил 5,4 минг мактабда 3,8 млн. ўқувчи) да таълим олади. Олий таълим унт, профессионал коллеж ва техника интларидан иборат. 2004 йил мамлакатдаги 709 унтда 2,8 млн. талаба ўқиди, 84,2 минг ўқитувчи ишлади. Унтларнинг 542 таси хусусий. Йирик унтлари: Токио университети, Киото университети, Осака ун-ти (1886 йил ташкил этилган) ва бошқалар Японияда илмий текшириш ишларига йилига қарийб 100 млрд. АҚШ доллари ҳажмида маблағ сарфланади ва бунда хусусий сектор етакчи мавқега эга. И. т. соҳасида 756,3 минг киши банд. Улардан 430,6 минг киши и. т. ларни хусусий компаниялар, 280,7 минг киши унтлар, 44,9 минг киши ижтимоий ташкилотларда олиб борадилар. Йирик илмий текшириш институтлари: авиакосмик техника, металлар, электроника бўйича комплекс тадқиқотлар, космос ва астронавтика, электр энергетикаси, автомобилсозлик, ихтиро ва янгиликлар, Номура комплекс, Мицубиси комплекс интлари. Японияда 2711 оммавий кутубхона, 3599 музей, 79 ҳайвонот боғи, 79 аквариум, 90 ботаника боғи бор. Йирик кутубхоналари: Миллий парламент кутубхонаси (7,9 млн. асар), Токио ун-ти кутубхонаси. Йирик музейлари: Токиодаги миллий музей(1871 йил ташкил этилган), Миллий илмий музей, Император саройи, Киотодаги миллий музей (1889) ва Миллий ҳоз. замон санъат музейи (1963), Нагоядаги Токугава бадиий музейи ва бошқалар Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Японияда 70,8 млн. нусхада 166 миллий ва маҳаллий кундалик газ. чиқади. Йириклари: «Иомиури» («Репортёр», 1874 йилдан) «Асахи» («Чиқаётган қуёш», 1879 йилдан), «Майнити» («Кундалик газета», 1872 йилдан), «Нихон кэйдзай симбун» («Япония иқтисодий газетаси», 1876 йилдан), «Санкэй симбун» («Саноатиқтисодий газетаси», 1950 йилдан). Шунингдек, 4178 ойлик ва ҳафталик жур., бюллетень чиқади. Йириклари: «Бунгэй сюдзю» («Адабийбадиий альманах», 1923 йилдан), «Дзию минсю» («Либералдемократия», 1955 йилдан), «Кураси то сэйдзи» («Ҳаёт ва сиёсат»), «Сэкай» («Коинот», 1946 йилдан), «Тюо корон» («Марказий шарҳ», 1886 йилдан), «Экономисуто» («Иқтисодчи», 1923 йилдан), «Бунка хёрон» («Маданий шарҳ»), «Гэккан сякайто» («Социалдемократик партия ойномаси», 1957 йилдан). Умуммиллий ахборот агентликлари: Киодо Цусин (1945 йилдан) ва Дзидзи Цусин (1945 йилдан). Радиоэшиттириш 1925 йилдан ва телекўрсатувлар 1953 йилдан олиб борилади. Япония радиотелевидение корпорацияси ярим ҳукумат ташкилоти ҳисобланади. 1925 йил ташкил этилган. 222 хусусий аъзони бирлаштирган Тижорат эшиттиришлар миллий ассоциацияси 6900 телерадиостяни бошқаради (1996).

Адабиёти қадимдан мавжуд бўлган халқ оғзаки ижоди (қўшиқ, афсона ва бошқалар) заминида вужудга келган. Афсона, эртак, тарихий ривоят ва қўшиқлардан иборат «Кодзики» («Қадимги ҳодисалар йилномаси», синтоизмнинг муқаддас китоби ҳисобланади) тўплами илк марта 712 йилда тузилган. Бу асар япон тилида битилган биринчи манба ҳисобланади. 759 йил 4516 фольклор ва 500 га яқин муаллифнинг асарларидан иборат япон шеърияти антологияси — «Манъёсю» («Кўп асрлик қўшиқлар тўплами») яратилди. 9-асрнинг ўрталарида биринчи адабий насрий асар — «Такэторимоногатари» яратидди. 10-аср охири — 11 а. бошларида адиба Мурасаки Секибу (978—1016) яратган «Гэндзимоногатари» («Шаҳзода Гэндзи ҳақида қисса») асари Япония мумтоз адабиётининг чўққиси бўлди. 12—16-асрларда ҳарбий эпопеялар яратилди, бадиий кундаликлар кенг тарқалди, шеърият антологиялари тузилди. 14 — 15-асрлар халқ ижодиёти ва Будда ривоятлари асосида бир . пардали драмалар (ниқоб театрлари учун) ёзилди. 16-асрдан шаҳар адабиёти пайдо бўлди. Ҳунармандлар, савдо аҳлига мансуб шоирларнинг тўпламлари тузилди. 17—19-асрнинг 60-й. ларида адабиётда демократик ғоялар авж олди. 17-аср охири — 18-аср бошларида йирик драматург Такамацу Мондзаэмон самарали ижод қилди. Мацуо Басё (17-аср), Кобаяси Исса (18-аср охири — 19-аср боши) шеъриятнинг хокку жанрида асарлар яратдилар. 18-аср охири — 19-аср бошларида наср янада юксалди. 19-асрнинг ўрталаридан япон адабиётида сентиментал роман жанри вужудга келди, европалик муаллифларнинг асарлари таржима қилина бошланди. Симэй Фтабатэй (1864—1909) «Сузувчи булутлар» романи билан япон адабиётида танқидий реализмга асос солди. Рока Токутоми, Сосеки Нацумэ ва бошқаларнинг асарларида ҳам танқидий реализм ғоялари ўз аксини топди. 20-асрнинг бошларидан шеъриятда Европа шеъриятининг таъсири ва романтик ғоялар кўзга ташланди. Реалист ёзувчилар асарларида ижтимоий танқид асосий ўрин олди. Э. Золя ижоди таъсирида натурализм учун кураш ҳаракати бошланди. 1930—40 йиллар адабиётида «муқаддас уруш»ни ёқловчи апологетик ғоя ҳукмрон бўдди. 2-жаҳон урушидан кейинги даврда бир қанча япон ёзувчилари ўз асарларида «барқарор қадриятларни» излаш мақсадида миллий адабиётнинг кўп асрлик анъаналарига мурожаат қилдилар. Дзюнъитиро Танидзакининг «Майда қор» (1943—48), Ясунари Кавабатанинг «Мингта турна» (1951), «Эски пойтахт» (1961—62) романлари шу тоифадаги асарлар бўлиб, уларда кучли ички лиризм ва гўзалликнинг мумтоз талқини акс этди. Шу билан бирга 1967 йил Юкио Мисиманинг гўёки япон маданиятига хос бўлган жанговарлик анъаналарни тиклашга чорловчи трилогияси («Ватанпарвар», «Хризантема» ва «Шаҳид бўлган қаҳрамон овози») яратилди. Адабиётда сэнгоха оқими қарор топгач, шу оқим вакиллари бўлган турли гоявийэстетик йўналишдаги ёзувчилар ўз ижодларида инсон шахсиятини қарор топтириш манфаатлари йўлида милитаризм ва анъанавийликни инкор этдилар. Шу оқим вакилларининг уруш мавзуига оид асарлари, жумладан, Сёхей Ооканинг «Даладаги оловлар» (1951), Хироси Номанинг «Бўшлиқ минтақаси» (1952), Сюсаку Эндонинг «Денгиз ва заҳар» (1957) романлари яратилди. Ёсиэ Хоттанинг «Ёлғизлик майдони» асарида (1951) урушдан кейинги япон зиёлилари ҳақида ҳикоя қилинади. 1950 — 60 йиллар япон адабиётининг машҳур намояндаларидан бири Ясуси Иноуэдир. Унинг «Тэмпёнинг черепицали томи» (1957) ва «Самарқандга саёҳат» (1969) тарихий асарлари Буюк ипак йўлида амалга оширилган маънавий мулоқот ва Ўрта Осиёнинг қадимий шаҳарларига бағишланган. 1960—70 йилларда илмий фантастика ва детектив роман жанри ривожланди. 1960—80 йиллар япон адабиёти реалистик ва модернистик ғояларнинг ўзаро ҳаракат ва курашларида ривожланди. Бу даврда адиблардан Гомикава Дзюмпей, Исикава Такудзо, Кайко Такэси, Оэ Кэндзабуро ўз роман ва қиссаларида ижтимоий ва ахлоқий муаммоларни кўтардилар. Япония адабиётида Хиросима фожиаси мавзуси кенг ўрин олди (Хотта Ёсиё, Ибусэ Масудзи, Ода Макото). Кобо Абэ асарларида реализм ва фантастика уйғунлашган ҳолда фалсафий масалалар баён этилди. Японияда хитой маданияти таъсирида хитой тилида ҳам адабиёт ривож топган. 14 — 15-аср ва 17—19-аср бошларида юксалган. Япония адабиётнинг йирик вакиллари бўлган Рюноскэ Акутагава, Кобо Абэ, Ясунари Кавабата (1968 йил Нобель мукофоти соҳиби), Кэндзабуро Оэ (1994 йил Нобель мукофоти соҳиби) Мураками Харуки, Б. Ёсимото каби ёзувчиларнинг асарлари жаҳонда машҳур.

Меъморлиги. Қадимий японларнинг турар жойлари ярим ертўлалар бўлган ва унинг томи ёғоч ва қамиш билан ёпилган. Мил. бошларида ёғоч синчли уйлар қурила бошлади. (Исе шаҳридаги синтоистлар ибодатхонаси, 3—7-асрлар). 3—6-асрларда подшолар учун айлана ва тақа шаклида улкан қўрғон (кафун) лар бунёд этилган. 6-асрда буддизм тарқалиши муносабати билан хитой ва корейс меъморлиги услубида монастирь, пагода, ибодатхона ва саройлар бунёд этилган (Нара шаҳридаги Хорюдзи монастири, 7-аср; Кито шаҳри яқинидаги Бёдоин саройи, 11-аср). 8-асрда Хитой шаҳарсозлиги услубида Хэйдзёкё (ҳоз. Нара) ва Хэйан (ҳоз. Кито) шаҳриларига асос солинди. 14—16-асрларда ландшафт меъморлиги, хитойча боғпарклар бунёд этиш санъати, қалъа ва сарой деворларига расм чизиш ривожланди. 16-асрдан шаҳар мудофаа иншоотлари хандақ ва ғишт деворлар билан ўралди. Шу даврда ҳоз. гача сақланиб қолган анъанавий япон турар жойи шаклланди. 16-асрдан Эдо (ҳоз. Токио) шаҳрида қурилиш авж олди. 19-аср охиридан шаҳарсозлик ривожланди, саноат корхоналари қуриш кўпайди, қурилишда ғишт, кейинчалик темирбетон ва металл ишлатила бошланди. Япон меъморлари (Тацуно Кинго, Катаяма Отокума) бинокорликда Европа услубидан фойдаландилар ёки анъанавий япон уйсозлиги шаклларини Ғарбий Европа меъморлиги шакллари билан уйғунлаштирдилар. 20-асрнинг 20-асрлари охири Ле Корбюзье таъсирида функционализм услуби ёйила бошлади. 2-жаҳон уруши йиллари (1939—45) Япония шаҳарлари вайрон бўлди; 50-й. лардан қурилиш кенг кўламда авж олди. Миллий меъморлик шаклларини замонавий конструкциялар билан уйғунлаштириш натижасида япон меъморлиги жаҳонда машҳур бўлди (Хиросимадаги Тинчлик мемориал парки, 1949—56; Окаяма шаҳридаги Курасики шаҳар зали, 1960; Кофудаги Яманаси биноси, 1966; ҳаммасининг меъмори Тангэ Кэндзо; Токиодаги Метрополитен фестивал холл, 1960—61, меъмор Маёкава Кунио; Токионинг Синдзюку р-нидаги майдон ансамбли ва транспортйўловчилар тугуни, 1960—67, меъмор Сакакура Жундзо; Киото шаҳридаги Халқаро конференциялар маркази саройи, 1966—70 йиллар боши, меъмор Сатио Отани). 18ёзги олимпиада ўйинлари (1964) ва «ЭКСПО70» кўргазмасининг ўтказилиши муносабати билан йирик шаҳарлар, жумладан, Токио ва Осака марказлари реконструкция қилинди, Токиода икки олимпиада мажмуаси (Йойоги, меъмор Тангэ Кэндзо; Комадзава, меъморлар Мурата Масасико ва Ашихара И.), Осакада бош павильон кўргазмаси (меъмор Тангэ Кэндзо) қурилди. 1960-й. лар охирида юксак сейсмик ҳудудлигига қарамай, осмонўпар бинолар бунёд этилди (Токио, Осака ва бошқалар шаҳарларда). Японияда миллий меъморлик анъаналарининг ривожланиши К. Маэкава, Ё. Танигути, К. Тангэ, К. Курокава ва бошқалар машҳур меъморлар фаолияти билан боғлиқ.

Тасвирий санъати. Япония санъатининг қадимий ёдгорликлари дзёмон маданияти даври (мил. ав. 8—1-минг йилликлар ўрталари)га мансуб. Мил. ав. 1-асрда тайёрланган бронза буюмлар, сопол идиш намуналари сақланган. 6-асрда буддизм тарқалиши муносабати билан ибодатхоналар яратилди ва улар будда динидаги машҳур персонажлар тасвирланган ҳайкалчалар билан безатилди (Нара шаҳридаги Хорюдзи, Якусидзи монастирларидаги ҳайкаллар). Илк ўрта асрларда ранг-тасвир ва ҳайкалтарошликда портрет жанри шунингдек, театр ниқоблари санъати ривожланди. Япония ранг-тасвири буддизм ҳамда Хитой санъати таъсирида тараққий этди. 11—12-асрларда ўзига хос миллий хусусиятларга эга бўлди.

Бу даврда Фудзивара Такаёси, Фудзивара Нобудзанэ ва Тоба Содзё каби рассомлар машҳур бўлдилар. 12—13-асрлар ранг-тасвиридаги портретлар оддийлиги ва ифодалилиги билан ажралиб туради (Фудзивара Таканобунинг «Минамото Ёритома портрети»). 14—15-асрларда будда сектасининг дзэн мактабларида тушь ранг-тасвири ривож топди [Дзёсецу, Сюбун, Той Ода (Сессю тахаллуси билан машҳур) манзаралари]. 15-асрда дунёвий профессионал ранг-тасвир шаклланди. Кано мактаби (асосчиси Кано Масанобу) ва Тоса мактаби (асосчиси Тоса Мацунобу) асарларида хитой мумтоз ранг-тасвири ўз аксини топди. 15—17-асрларда безак ёзуви санъати юқори даражага эришди (Сотацу Таварая, Огата Корин). Бу даврда чой тарқалиши муносабати билан кулоллик ва чинни буюмлар тайёрлаш авж олди. 17-аср бошларида ёғочга рангли гравюра ишлаш санъати — укийёэ япон санъатининг етакчи турига айланди (Моронобу Хисикава, Харинобу Судзуки, Утамаро Китагава, Хокусай Кацусика, Хиросиге Андо каби усталар). 17—19-асрларда миниатюра ҳайкалтарошлигининг ўзига хос тури ҳамда кийимлар учун тугмаилгак безаклар ясаш ривожланди. Япон амалий безак санъати (каштадўзлик, мато тўқиш, локланган буюмлар тайёрлаш. тўр тўқиш) буюмлари катга маҳорат билан тайёрланди. 19-аср охирларидан Европа санъати таъсирида мойбўёқ ранг-тасвир — «ёга» ривожлана бошлади (Асаи Тю, Курода Сэйки ва бошқалар). Бу соҳалаги рассомлар ижодида импрессионизм, фовизм таъсири яққол кўзга ташланади (Умэхара Рюдзабуро, Ясун Сотаро.). 20-аср 1-ярмида абстракт санъат, экспрессионизм, сюрреализм таъсири сезилади. «Нихонга» ранг-тасвир усталари Томиока Тэссей, Ёкояма Тайкон, Такуэти Сэйхо кабилар миллий анъаналар руҳида асарлар яратдилар. 1920—30 йилларда Окамото Токи, Оцуки Гэндзи, Ёримото Сирин, Янасэ Масаму, Судзуки Кэндзи каби рассомлар самарали ижод қилдилар. 2-жаҳон урушидан кейин рассомлар ижодидан ижтимоий муаммолар кенг ўрин олди; кўп асарлар Хиросима ва Нагасакидаги атом бомбасидан ҳалок бўлганлар фожиасига бағишланди (Маруки Ири ва Тосико, Мита Гэндзиро, Сакураи Макото, Фукуда Синсэй, Оно Тадасигэ, Уэно Макото). Замонавий япон тасвирий санъатида графика демократик ва оммавий санъат тури сифатида машҳур. Таниқли рассом Н. Хираяма ижодида Буюк ипак йўли манзаралари муҳим ўрин тутади. Тасвирий санъатда турли оқим ва йўналишларнинг кўплиги кўзга ташланиб туради.

Мусиқаси қадимий анъаналарга бой бўлиб, ўз тараққиёти жараёнида хитой ва корейс, ҳинд ва Жанубий Шарқий Осиё мамлакатлари халқлари мусиқа маданияти таъсирида бойиган; у меҳнат, турмуш, диний маросимлар билан боғланган. Қўшиқлар бир овозли, қўш метрлар устун. Мусиқий чолғу асбоблари хилмахил: чертиб чалинадиган — сямисэн (лютня), кото (13 торли цитра); пуфлама — нокан, сякухати (флейталар), соо (лаб органи), хитирики (гобой тури); зарбли — тайко, коцудзуми, оцулзуми (барабанлар), сёко (гонг). Профессионал мусиқа диний ҳаракатлар ва театр билан боғлиқ бўлган; унинг сарчашмалари 6—7-асрларга бориб тақалади. 14-асрда театрнинг ноо санъати (қўшиқ, рақс, чолғу асбоблар жўрлигида ижро этиладиган декламация), 16 — 17-асрларда дзёрури қўғирчоқ театри мусиқаси ва кабуки (мумтоз япон театри турларидан бири) мусиқаси шаклланди. Японияда мусиқа санъатини ривожлантиришда Мусиқа тадқиқотлари институти (1879 йил ташкил этилган, 1886 йилдан Токио мусиқа мактаби) муҳим роль ўйнади. 1897 йил япон симфоник оркестрининг биринчи концерти бўлиб ўтди. Европада мусиқа таълимини олган Ямада Косаку, Нобутоки Киёси, Киёсэ Ясудзи, Мацудайра Ёрицунэ каби композиторлар композиторларнинг янги федерацияси (1930 йилдан Япония замонавий мусиқа уюшмаси)ни туздилар. Ўз ижодларида миллий анъаналарга суянган ҳолда, Европанинг композицион усулларига ҳам мурожаат этдилар. 1960—80 йилларда Мамия Митио ва Акутагава Ясуси каби композиторлар фольклор ва япон мумтоз мусиқасидан кенг фойдатандилар. 1940-й. ларнинг охиридан Сэки Акико раҳбарлигида антиимпериалистик характердаги «Япониянинг куйловчи овозлари» оммавий хор ҳаракати кенг ёйилди. 1950-й. ларнинг охиридан авангардизм таъсири кўзга ташлана бошлади, экспериментал мусиқа турлари тарқадди. Ҳоз. даврда оммавий ва мумтоз мусиқа билан бирга миллий мусиқа турлари ёйилган. Фольклор мусиқасини йиғиш, ўрганиш ва тарқатишга алоҳида эътибор берилади. 1970-й. ларда караоке (бўш оркестр) ҳаваскорлар ижрочилиги пайдо бўлиб, у аҳоли орасида жуда оммалашди. Композиторлардан Нода Тэруяки, Хатимура Ёсио, Икэбэ Синитиро, ижрочи дирижёрлардан Абэ Комэи, Масаси Уэда, Ватанабэ Акэо, Иваки Хироюки, Моро Такаси, пианиночи Танака Кэйко, скрипкачи Кубо Ёко машҳур. Японияда 20 дан ортиқ симфоник оркестр, камер чолғу ансамбли, хор жамоалари ва бошқалар бор. Токиода Давлат мусиқа академияси (1887 йилдан), 20-аср мусиқаси институти (1957 йилдан), Миллий нафис санъат ва мусиқа унти, Тохо олий мусиқа мактаби фаолият кўрсатади.

Театр сарчашмалари қадимий халқ деҳқончилик байрамларида кўрсатилган томошалардан бошланади. 7—8-асрларда гигаку ва бугаку деб номланган мусиқали рақс томошалари пайдо бўлди; улар япон мумтоз театрининг шаклланишига ёрдам берди. 8—12-асрларда сангаку мусиқали рақс томошалари кенг ёйилди. 12-аср бошларида мусиқали томошаларнинг янги турлари’ — дэнгаку ва саругаку ривожланди. 14-аср охири — 15-аср бошларида япон театрининг янги тури — ноо театри (мусиқа, рақс ва драматик ҳаракатлардан иборат) вужудга келди. 16-аср охири — 17-аср бошларида Киотода дзёрури қўғирчоқ театри ва кабуки театри, 19-аср охири — 20-аср бошлари театрнинг янги турлари — симпа ва синкокугэки пайдо бўлди. 20-аср бошларида Европа театри таъсирида сингэки театр йўналиши (ҳоз. драма театри) шаклланди. 20-асрнинг 1-чорагида Токиода «Родо гэкидан» номидаги биринчи ишчи театри фаолият кўрсатди. Кейинчалик Токиода «Цукидзи сёгэкидзё» ва «Хайюдза» театрлари вужудга келди; уларнинг репертуаридан миллий драматурглар Кобо Абэ, Кояма Юси пьесалари ўрин олди. 1947 йил «Мингэй» театри ўз фаолиятини бошлади. Театр қошида «Мингэй» киностудияси ишлади. 1966 йил Токиода «Кокурицу гэкидзё» миллий театр маркази ташкил этилди ва у анъанавий жанрларни сақлаш ва ривожлантиришда муҳим роль ўйнади. Япониянинг замонавий театр санъати анъанавий театр (бугаку, ноо, кабуки, дзёрури) ва Европа типидаги театр (драма, опера, балет)га бўлинади. Бугаку театрининг анъаналари мумтоз мусиқа ва рақснинг ривожланишида асос бўлди. Театр артистларидан Кита Минору, Хосё Мотомаса Куро, Итимура Мандзеамон, Накамура Кандзабуро, Накамура Утаэмон, Накамура Бунгори, Мацумото Косиро, Мидзутани Яэко, Симада Сёго, Тацуми Рютаро ва бошқалар машҳур. Киноси. Японияда биринчи бадиий фильм 1899 йилсуратга олинган. 1903 йил Токиода биринчи доимий кинотеатр, 1908 йил биринчи киностудия тузилди. 1923 йилдан Киото шаҳри кино марказига айланди. 1931 йил биринчи овозли фильм («Қўшни аёл ва хотиним», реж. Госё Хэйноску) яратилди. 1936 йил Мидзогути Кэндзи «Элегия Нанива» ва «Гионлик опасингиллар» фильмларини яратди. 1930-й. ларда «Япония фильмлар ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда 2-ўринни эгаллаб турди. Урушгача бўлган кинофирмалар («Тохо», «Синко» ва бошқалар) нинг асосий фильмлари милитаристик мазмунда бўлган. Урушдан кейинги йилларда япон киносида Имаи Тадаси, Ямомото Сацуо, Киносита Кэйсукэ ва бошқалар реж. лар ижоди билан боғлиқ бўлган илғор ғоялар ўз аксини топди. Улар ўз фильмларида Хиросима фожиаси, меҳнаткашларнинг оғир ҳаёти ҳақида ҳикоя қилдилар. 1950—60 йиллардаги энг яхши фильмлар: «Расёмон» (1950), «Қизил соқол» (1964; иккаласининг реж. Курасава Акира), «Ҳар қалай биз яшаяпмиз» (1951, реж. Имаи Тадаси), «Хиросима болалари» (1952) ва «Яланг орол» (1960; иккаласининг реж. Синдо Канэто). 1960-й. лардаги машҳур реж. лар: Ямамото Сацуо, Кобояси Масаки, Имаи Тадаси. 1960—70-й. ларда кўпроқ ҳужжатли фильмлар шуҳрат қозонди. С. Огава, Н. Цутимото, М. Мияги каби ижодкорлар ўз фильмларида замоннинг низоли муаммоларини кўтариб чикдилар. 1958 йилдан бошлаб «Тоэй» кинокомпанияси ишлаб чиқара бошлаган мультипликацион фильмлар бутун жаҳонга тарқалди. 1970—80 йилларда япон киноси телевидение билан рақобат натижасида инқирозли ҳолатда бўлсада, «19 ёшли яланғочлар» (1970, реж. Синдо Канэто), «Жангчи шарпаси» (1982, реж. Куросава Акира), «Лойқа дарё» (1981, реж. Кохай Огури), «Нараяма ҳақида афсона» (1983, реж. Имамура Сохэй) каби фильмлар яратилди. Кейинги йилларда Т. Китано, М. Сёу, С. Иваи, Н. Такенака каби машҳур кино ижодкорлари етишиб чиқди. 1969— 96 йиллар давомида намойиш этилган «Жаноб Тора» сериали японлар орасида машҳур. Япон киносида Ямада Исудзу, Мифунэ Тосиро каби актёрлар шуҳрат қозонган. «Никкацу», «Сётику», «Тохо», «Тоэй» ва бошқалар кинокомпаниялар фаолият юритади.

Ўзбекистон — Я. муносабатлари. Икки давлатнинг ўзаро муносабатлари тарихи қадимий асрларга бориб тақалади. Буюк ипак йўли орқали ўзбек ва япон халқлари ўртасида савдоиқтисодий ва маданий алоқалар бўлганлиги и. т. ларда ҳам ўз тасдиғини топмоқда. Олимларнинг тадқиқоти ва ўзбекяпон археологик экспедициялари натижасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган Кушон подшолигининг асосий динларидан бири бўлган буддизм Ўрта Осиё халқлари миллий қадриятлари ва анъаналари билан бойиган ҳолда 6-асрда Хитой ва Корея орқали Япония оролларида тарқалган. Ўзбекистонда топилган қадимий будда ибодатхоналарининг ҳоз. Япония даги ибодатхоналар билан муштараклиги намоён бўлмоқда.

Япониянинг биринчи пойтахти Нара шаҳридаги Хорудзи ибодатхонаси хазинахонасида 8-асрда Самарқанд ва Тошкентда тайёрланган осориатиқалар, 9—10-асрларга оид уд мусиқа асбоби сақланмоқда. Афросиёбдаги археологик қазилмалар вақтида топилган ва 12-асрга мансуб нафис япон чинни идиши ҳам ўзбек ва япон халқлари ўртасида алоқалар бўлганини кўрсатади. Япония 19-асрнинг 2-ярмидан Ўрта Осиё региони билан жиддий қизиқа бошлаган. 1880 йилнинг ёзида япон дипломати Ниси Токудзиро (кейинчалик у ташқи ишлар вазири бўлган) ўлкамиз бўйлаб саёҳат қилган. У Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳрилари ва Фарғона водийсида бўлган. Бухорода амир Музаффар билан учрашган. Бу ҳодиса японларнинг мусулмон ўлкалари билан дастлабки расмий алоқаларидан бири эди. 1886 йилда Ниси Токудзиронинг «Туркистон саёҳатномаси» китоби япон тилида босилиб чиққан. 19-аср охири — 20-аср бошларида Ўрта Осиёга Ясумаси Фукусима, Кадзуо Отани, Масажи Иноуэ, Зуичо Тошибана каби япон тадқиқотчилари саёҳат қилган.

Ўзбекистон Миллий ун-тининг Илмий кутубхонасида 1927—41 йилларда Японияда чоп этилган китоб ва жур. ларнинг катта фонди мавжуд. 1930-й. ларда Ўзбекистон билан Япония ўртасида пиллачилик ва тутчилик соҳасида ҳамкорлик ўрнатилгач, Японияга борган бир гуруҳ ўзбекистонлик мутахассислар томонидан бу соҳадаги илғор япон тажрибаси атрофлича ўрганилган ва республикада жорий қилинган. Япониядан ўнлаб маданийлаштирилган сербаргли тут навлари ва маҳсулдор пилла қуртининг уруғлари келтирилиб маҳаллий шароитларга мослаштирилган. Бундан ташқари, ипакчилик саноати эҳтиёжлари учун япон машина ва ускуналари харид қилинган. 1929 йил Ўрта Осиё ун-ти проф. Э. Ф. Поярков Японияда пиллачилар анжуманида маъруза қилган.

Маълумотларга кўра, 1920-й. ларда Японияга бориб қолган Волгабўйи татарлари орасида ўзбеклар ҳам бўлган. Улар Токио шаҳрида масжид қурилиши ва ислом динини ёйилишида ўз ҳиссаларини қўшишган. 1945 йилдаги советяпон уруши натижасида асир олинган 24 мингга яқин япон 1945—50 йилларда Ўзбекистоннинг Андижон, Бухоро, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ушлаб турилди. Улар кўплаб саноат корхоналари, қ. х., қурилиш ва бошқалар соҳаларда меҳнат қилдилар. Жумладан, Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги академик катта театр биноси қурилишида 600 га яқин япон иштирок этган. Ўзбекистонда вафот этган 812 япон фуқароси республикамиз ҳудудидаги 13 қабристонда дафн этилган. 1990 йил май ойида Тошкентнинг Яккасарой қабристонида 2-жаҳон уруши (1939—45) дан кейин Тошкентда вафот этган 79 та япон ҳарбий асири хотирасига мемориал ўрнатилди.

1960—80 йилларда Я. Ўзбекистондан пахта толаси, чигит, ширинмия илдизи, асал, ипак ва бошқалар маҳсулотлар харид қилган. 1970-й. лар бошидан Япония йилига 190 млн. АҚШ доллари ҳажмида пахта толаси сотиб олган. Хусусан, Сумитомо компанияси 1971—93 йиллар 547,3 млн. АҚШ долларига пахта толаси харид қилган. Шу йиллар Япониянинг қатор компаниялари Ўзбекистоннинг енгил, кимё ва нефть саноатини модернизация қилишга жалб этилди. Фарғона ва Чирчиқ шаҳриларида аммиак ишлаб чиқариш учун япон технологиялари ўрнатилди. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Марғилон, Наманган, Шаҳрисабз ва Урганчдаги ипакчилик фкаларида Ямато фирмасининг пилла қуритиш машиналари қўлланди. 1989 йил Ўзбекистонда хорижий фирмалар орасида биринчи бўлиб Япониянинг «Чори» компанияси ўз ваколатхонасини очди.

Илмий ва маданий соҳаларда ҳам ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Япон ва ўзбек олимлари томонидан зилзилани олдиндан аниқлаш, саноат маҳсулотларини статистик қабул қилиш назорати усуллари атрофлича ўрганилди ва амалиётга татбиқ этилди. Айниқса, тарих, тилшунослик ва археология фанлари бўйича самарали ҳамкорлик амалга оширилди. Итаро Кумацунинг японлар учун «Ўзбек тили» қўлланмаси (1978), «Ўзбекча сўзлашув» (1983), «Ўзбекчаяпонча луғат» (1980, 1985) китоблари кўп минг нусхада нашр этилди. 1950—80 йилларда адабиёт соҳасида ҳам салмоқли алоқалар бўлди. Хусусан, 1956 йил Ўзбекистонга келган таникди япон ёзувчиси ва таржимони Ман Иноуэ атоқли шоир Ғафур Ғулом билан учрашган ҳамда Японияда чоп этилган «Тошкентда бир оқшом» асарида ўзбек ва япон халқлари маданияти, анъана ва турмуш тарзидаги муштараклик ҳақида ҳикоя қилган. Шу даврда Ёсиэ Хотта, Кобо Абэ, Ясунари Кавабата, Рюноскэ Акутагава, Такэо Арисима, Масудзи Ибусэ ва бошқалар машҳур япон ижодкорларининг 30 га яқин роман, қисса, шеър ва ҳикоялари ўзбек тилида чоп этилган. Ўз навбатида, Японияда Алишер Навоий, Ш. Рашидов, Зулфия, Рамз Бобожон ижоди намуналари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари япон тилига таржима қилиниб, бир неча марта нашр қилинган.

1991 йил Япония ЎзР мустақиллигини тан олиб, 1992 йил дипломатия муносабатлари ўрнатгач, 1992 йилда Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси, 1996 йилда эса ЎзРнинг Токиодаги элчихонаси ўз фаолиятини бошлади. Икки мамлакат ўртасида тенг ҳуқуқли алоқалар ўрнатилди. Ўтган 14 йил мобайнида икки давлат ўртасида кўплаб расмий ҳужжатлар имзоланди. Шу давр давомида ЎзР Президенти И. Каримов 2 марта (1994, 2002) расмий ташриф билан Японияда бўлди. Бундан ташқари, икки давлат ташқи ишлар вазирлари, ҳукуматнинг раҳбар ва масъул ходимлари, Парламент делегацияси ва бошқаларнинг ўзаро ташрифлари амалга оширилди. ЎзР Президенти И. Каримовнинг 1994 йилнинг майида Японияга қилган биринчи ташрифи ўзаро сиёсий мулоқотни фаоллаштирди.

Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда ЎзР Президенти И. Каримовнинг 2002 йил 28—31 майда Японияга қилган иккинчи расмий ташрифи муҳим роль ўйнади. Ташриф чоғида 14 ҳужжат имзоланди. Булар қаторига Ўзбекистон билан Япония ўртасида дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида декларация, Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларга кўмаклашиш ҳақида қўшма баёнот ва бошқалар ҳужжатлар киради. Ташриф чоғида И. Каримов Ўзбекистоннинг Япония билан ҳамкорлик қўмитаси ва Япониянинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қўмитасини ташкил этиш ташаббуси билан чиқци. Қўмиталар ташкил этилиб, унинг биринчи қўшма мажлиси 2004 йил июлда Токио шаҳрида ўтказилди.

Бугунги кунда Япониянинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритилган молиявий ресурсларининг умумий қиймати 1,9 млрд. АҚШ долларига яқинлашди. Бундан ташқари, Ўзбекистонга 160 млн. АҚШ доллари микдорида беғараз ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатилиб, у, асосан, маориф ва соғлиқни сақлаш соҳасига сарфланди. Япон сармояси мамлакат иқтисодиётининг ёқилғиэнергетика, транспорт ва коммуникация, енгил саноат тармоқларини, кадрлар тайёрлаш ва бошқалар соҳаларни юксалтириш, хусусан, республиканинг телекоммуникация тизимини ривожлантириш, Тошкентдаги т. й. вагонларини таъмирлаш з-ди, Самарқанд, Бухоро, Урганч шаҳрилари аэропортларини модернизация қилишга сарфланди.

Япония халқаро ҳамкорлик банкининг имтиёзли қарзлари туфайли Кўкдумалоқ нефтьгаз конини жиҳозлаш, Бухоро вилоятида нефтни қайта ишлаш з-дини қуриш, Фарғона нефтни қайта ишлаш з-дини модернизациялаш, Шўртан газкимё мажмуасини қуриш, тўқимачилик саноатини ривожлантириш ишлари амалга оширилди. Ғузор — Бойсун—Қумқўрғон т. й. ни қуришда ички ресурслар билан бир қаторда Япония сармояси ҳам қатнашмоқда.

1993—2004 йиллар қарийб 300 япониялик мутахассис иқтисодиёт, телекоммуникация, туризм, транспорт инфратузилмаси, ипакчилик соҳалари ва хорижий инвестицияларни жалб қилишда фаолият кўрсатди.

1994 йил майда Тошкентда Ўзбекяпон иқтисодий ҳамкорлик қўмитаси, Токиода эса Японўзбек иқтисодий ҳамкорлик қўмитаси ташкил этилди. Японўзбек иқтисодий ҳамкорлик қўмитаси Япониянинг 30 га яқин йирик компания, фирма ва банкларини бирлаштиради. Ҳозиргача қўшма қўмиталарнинг 8 мажлиси бўлиб, унда иккала мамлакатдаги саноат корхоналари, молия муассасалари ва тадбиркорларининг тўғридантўғри алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Айни вақтда Ўзбекистонда 10 та ўзбекяпон қўшма корхонаси, 3 та 100% Я. сармояси ҳисобидаги корхона, япон компанияларининг 22 ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги савдоиқтисодий алоқалар кенгайиб, 2004 йилда товар айирбошлаш ҳажми 102 млн. АҚШ долларига яқин бўлди. Ўзбекистон Японияга пахта ва ипак маҳсулотлари, газлама, ноорганик кимё маҳсулотлари экспорт қилади, турли сайёҳлик хизматлари кўрсатади. Япониядан эса электр ва механик ускуналар, каучук ва резина буюмлар ва бошқалар олади. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси 2001 йилдан Тошкент — Осака, 2002 йилдан Тошкент—Токио йўналишида доимий ҳаво қатновини йўлга қўйди.

Япония билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик йўналишларидан бири кадрлар тайёрлашдир. Ҳозиргача республиканинг турли вазирлик ва идораларидан 800 га яқин киши Японияда тажриба орттириб қайтди, 98 ёш мутахассис Япониянинг етакчи унтларида магистратура курсини битирди. 2000 йилдан бошлаб Япония халқаро ҳамкорлик маркази стипендияси асосида йилига ўзбекистонлик 20 магистрант Японияга икки йиллик ўқишга бормоқда. 2001 йил Тошкентда Ўзбекистон — Я. инсон ресурсларини ривожлантириш маркази ташкил этилди. Ҳозиргача ушбу марказнинг бизнес, япон тили ва компьютер курсларини 1500 дан ортиқ киши тугатди. Умуман марказ ўтказган турли маданий-маърифий дастурларда 100 мингдан ортиқ киши иштирок этди.

Ўзбекяпон илмий алоқалари ҳам кенгайиб бормоқда. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва бошқалар шаҳарлардаги олий ўқув юртларининг ўқув дастурига япон тилини ўрганиш ҳам киритилган. Ўзбекистон ФАнинг электроника, сейсмология, иммунология, биокимё, умумий ва ноорганик кимё, физиология ва биофизика, шарқшунослик, археология интлари, «Ботаника» илмийи. ч. маркази билан Япониянинг тегишли унт, ин-т ва бошқа ташкилотлари ўртасида мунтазам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, электроника ин-тида яратилган металлургия соҳасига оид экологик тоза технология Япониянинг «Ниппон стил корпорейшн» фирмаси томонидан лицензияли шартнома асосида сотиб олинган. 1989— 98 йилларда Санъатшунослик институти ходимлари Сока ун-ти проф. Кюдзо Като бошчилигида Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида жойлашган Далварзинтепада буддизм ёдгорликларини ўрганиш бўйича тадқиқотлар олиб бордилар.

Икки мамлакат ўртасида маданий алоқалар ҳам кенг ривожланмоқда. Хусусан, Токиодаги миллий нафис санъат ва мусиқа ун-ти билан ҳамкорликда Тошкентда Халқаро маданият карвонсаройининг ишга туширилиши, «Жаҳон тинчлик қўнғироғи»нинг барпо этилиши, Япония даги бир қанча ижтимоий ташкилотлар кўмагида Осака, Фукусима, Маэбаси шаҳриларида доимий фаолият олиб борувчи Ўзбекистон маданият уйларининг очилиши бунга ёрқин мисолдир. Япония ва Ўзбекистонда кўплаб кўргазма, такдимот, кинофестиваль, миллий мусиқа ва рақс гуруҳларининг концертлари, шунингдек, 1996 йилдан Ўзбекистонда Япония маданияти кунлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

1996 йил ЎзР Президенти И. Каримовнинг «Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида» ва 1999 йил «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» асарлари Японияда япон тилига таржима қилиниб чоп этилди. Давлатни бошқариш, ўзбекяпон ҳамкорлигини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ЎзР Президенти Япония даги Васеда ва Сока унтларининг фахрий д-ри унвонига сазовор бўлди.

Ўзбекяпон дўстлик алоқаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун санъатшунос Икуо Хираяма Ўзбекистон Республикаси БАнинг фахрий хорижий аъзоси этиб сайланди (2002), проф. Кюдзо Като ва Васэда ун-ти президенти Такаяси Окушима ЎзРнинг «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (2002). 2004 йил мартда Токиодаги Сока унтида буюк ўзбек шоири Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилди ^ҳайкалтарош Р. Миртожиев). 2004 йил Ўзбекистонга 3000 япон сайёҳи келган. Икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланишига Японияда «ЯпонияЎзбекистон» дўстлик жамияти (|998 йил ташкил этилган), ФукусимаЎзбекистон иқтисодий ва маданий алоқалар уюшмаси, «ФукуокаЎзбекистон» жамияти, «ОтаТошкент» дўстлик жамияти, ЎзРда «ЎзбекистонЯпония» дўстлик жамияти (1999 йил ташкил этилган) муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 2002 йил апр. да Япония парламентида мамлакатнинг нуфузли сиёсий арбоблари Таро Асо, Йосиро Мори ва бошқалар ташаббуси билан «Япония либералдемократик партияси — Ўзбекистон» дўстлик лигаси ташкил этилган.

Сирож Азизов.

Loading...