ЯПОНЛАР

ЯПОНЛАР (ўзларини нихондзин — қуёшли ўлка одамлари деб аташади) — халқ, Япониянинг асосий аҳолиси (123,6 млн. киши). Умумий сони 125,6 млн. киши (1990-й. лар ўрталари). Япон тилида сўзлашади. Диндорлари — асосан, синтоистлар ва буддавийлар; христианлар ва синкретик динларга эътиқод қилувчилар ҳам бор. Антропологик жиҳатдан монголоид ирқига мансуб. Японларнинг ўзига хос этник хусусиятлари айрим майда оролларда ва Рюкю архипелагида яшовчи аҳолида сақланиб қолган. Японлар қабила сифатида мил. ав. 1-мингйилликўрталарида Жанубий Корея я. о. дан Япон о. ларига энеолит даври маданияти (Яён маданияти)ни тарқатувчи катта гуруҳнинг кўчиб келиши натижасида шаклланган. Бунга қадар бу ерда айн ва қисман малайяполинез қабилалари яшаган. Уларнинг ўзаро аралашуви натижасида келгинди қабилалар тили устувор мавқени эгаллаган. қадимий япон қабилаларининг элат бўлиб уюшуви мил. 4-асрда биринчи умумяпон давлати (Ямато подшолиги) нинг ташкил топиши билан тугаган. Япон элати Осиёнинг қадимий цивилизациялари (Хитой, Корея, Ҳиндистон) таъсирида ривожланган. Қишлоқ аҳолисининг асосий машғулоти — суғорма деҳқончилик (шоли), балиқ овлаш, шаҳар аҳолисида эса ҳунармандчилик ҳисобланган. Японлар чинни, локланган буюмлар ишлаб чиқариш, тўқимачилик ва бадиий ҳунарлар билан шуғулланган. Кўпгина ҳунарлар сакланиб қолган. Японлар қадимги ва энг юқори даражада ривожланган маданият ва санъатга эга. Ҳозирда шаҳарлик Японларнинг катта қисми юксак тараққий этган саноатда банд.

Loading...