ЯРА

ЯРА — бирор тўқиманинг турли сабабларга қўра нобуд бўлган қисми кўчиб, ўрнида ҳосил бўлган (тери ёки шиллиқ парданинг, одатда, тери остидаги тўқималарнинг ҳам) нуқсони; грануляцион тўқима ўсиши секинлашуви ва тери ёки шиллиқ парданинг зарарланган жойида эпителийнинг ҳосил бўлиш жараёни бузилиши натижасида Яра жуда секин битади (мас, терининг трофик Яраси). Ярага механик ва термик шикастланишлар, кимёвий моддалар, нурларнинг терига таъсир этиши, шунингдек, нерв озиқланишининг бузилиши. специфик (махсус) ҳамда носпецифик (номахсус) инфекциялар (сил, захм ва бошқалар), хавфли ўсмаларнинг емирилиши ва ҳ. к. сабаб бўлади.

Яра моддалар алмашинувининг бузилиши (мас, қандли диабетда), сурункали интоксикация, витаминлар етишмаслиги, эндокрин бузилишлар, организмнинг ҳолдан тойиши ва бошқалар га олиб келади. Яра кўриниши, чуқурлиги ва четларининг ҳолатига қараб овал, думалоқ, четлари ўйилган шаклда бўлади. Чуқур Яра қон томир деворларининг бузилишига олиб келади, натижада қон кетиши кузатилади. Яра узоқ кечиб, чандиқланиб битади. Баъзан Яра қайтақайта чиқиши ҳам мумкин. Ярага сабаб бўлган касаллик даволанади, оғирроқ ҳолларда хирургик амалиёт қўлланади.